COVID-19дан тузалгандан кейин ҳам иситма сақланиб қолиши мумкинми?

«Тез ёрдам» кўрсатувида мутахассислар коронавирусдан тузалаётган организмда ҳам нима сабабдан ҳарорат сақланишига изоҳ берди:

Вирусология институти илмий ходими Раъно Қосимова:

«Беморлар ўзини яхши ҳис қилиб, нафас олиши, пульс, сатурацияси жойида бўлса ҳам ҳарорати тушмаслиги мумкин. Бу жараён 4 ёки 6 ҳафтагача 37° ҳароратни қайд этиши мумкин.

Бундан хавотирланиш, иситма туширувчи дори воситаларини қабул қилиш керак эмас. Ҳарорат секин-асталик билан тушиб бораверади».

Иммунолог-инфекционист Азиза Хўжаева:

«Ҳар бир организм ўз алгоритмига биноан ишлайди. Иситма танада содир бўлаётган барча жараёнларга универсал реакция билдириши мумкин. Мияда иситмага реакция берувчи гипоталамус бези мавжуд. Танага вирус кирса, ўша безни қўзғатишга ҳаракат қилади.

Касаллик аломатларсиз кечаётган пайтда ҳам ҳужайралар ишлайди. Шунинг учун беморларда вирус хавфи кам бўлса ёки мавжуд бўлмаса ҳам миядаги без танага буйруқ бериб туради. Айрим беморларда касаллик чекинса-да миядаги без реакцияси тўхтамайди ва натижада иситма 4 ҳафтагача давом этиши мумкин».