Дам олиш кунлари саёҳатга чиқдингизми?

Мустақиллик байрами муносабати билан берилган тўрт кунлик дам олиш кунини кўпчилик саёҳат қилиш билан ўтказяпти. Биз Самарқанднинг диққатга сазовор жойларида бўлиб, саёҳатга келган кишилар билан суҳбатлашдик, уларнинг кайфияти ва таассуротлари билан қизиқдик.

— Самарқанд шаҳрини томоша қилиш учун Жиззах вилоятининг Зомин туманидан келдик, - дейди 62 ёшли Сайёра Комилова. — Қирқ йил ўқитувчилик қилдим. Лекин шу вақт ичида бирор маротаба бемалол бўлиб саёҳатга чиқмаган эканман. Илгари қандай эди, байрамларда бир кун, кўпи билан икки кун дам бериларди. Бу оралиқда бошқа вилоятга тугул, ўзимизнинг Жиззахга ҳам чиқа олмасдик. Президентимизга раҳмат, халқни ўйлаб, дам олиш кунларини узайтирди, ички туризм учун ҳам зўр шароитлар яратилди. Мана, дам олиш кунларини фарзандларим, келинларим ва невараларим бағрида, эртаклар шаҳри - Самарқандда ўтказяпмиз.

Байрам кунлари нафақат аҳоли, балки турли ташкилотларнинг жамоалари ҳам республикамиз бўйлаб саёҳат қилишаётгани эътиборга молик. Амир Темур мақбарасида бўлганимизда “Алоқабанк” АТ банкининг Сурхондарё вилояти филиали ходимларини учратдик.

— Самарқандга 2015 йилда ҳам келган эдик, - дейди банк ходими Фаррух Қодиров. — Орадан 7 йил ўтди, лекин бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларини кўриб, ҳайратда қолдик. Айниқса, Самарқанд шаҳрининг қиёфаси ўзгарибди. Замонавийлик ва миллийликни ўзида мужассам этган бу масканда сайёҳлар учун барча шароитлар яратилган. Жамоамиз билан вилоятдаги барча қадамжоларни зиёрат қилишни мақсад қилганмиз.

Вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси туризм оқимларини кўпайтириш бўлими бошлиғи Дилмурод Хушвақтовнинг айтишича, бошқарма ташаббуси билан дам олиш кунларида вилоятдаги жойлаштириш, овқатлантириш воситалари, моддий маданий мерос ва туризм объектларида маҳаллий сайёҳлар учун 20 фоиздан 50 фоизгача ихтиёрий чегирма берилиши йўлга қўйилган. Шунингдек, Президентимизнинг тегишли қарори билан маҳаллий туристлар учун “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида республика бўйлаб ички саёҳатларни амалга ошириш харажатларининг бир қисмини қайтариш (“Cashback”) тартиби ҳам амал қилади. Яъни, сайёҳлар махсус электрон платформа ёки мобиль илова орқали авиа, темир йўл ва автомобиль транспортидан, жойлаштириш воситалари хизматларидан фойдаланиш ҳамда маданият ташкилотларига ташриф буюриш харажатларининг бир қисмини қайтариб олишлари мумкин.

— Махсус чегирма ва акциялар самараси ўлароқ, Самарқандга келаётган хорижий ва маҳаллий сайёҳлар сони ортиб бормоқда, - дейди Д.Хушвақтов. — Масалан, жорий йил вилоятимизга 3 миллион нафар маҳаллий турист ва 150 минг нафар хорижий турист келиши режалаштирилган бўлса, шу кунгача хориждан келган сайёҳлар сони 250 минг нафарга, маҳаллийларники эса 2 миллионга яқинлашди. Айтиш жоизки, Ўзбекистон фуқаролари асосан зиёрат туризмига, четдан келганлар эса этнотуризмга қизиқиш билдирмоқда. Жорий йил вилоятимизда пляж туризмига бўлган талаб ҳам кескин ортди.

Асқар Баротов.