Дам олиш кунлари ҳаво яна совийди, республика бўйлаб қор ёғади

Бугун Республиканинг барча ҳудудларида асосан қуёшли об-ҳаво кузатилди. Куннинг ўртасида ҳаво 5-10 даража илиқ, жанубда баъзи жойларда 13 даража илиқ бўлди. Илиқ ва асосан қуёшли об-ҳаво Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида ҳам сақланиб турди.

Аммо дам олиш кунлари Россиянинг жанубий ҳудудларидан совуқ ва нам ҳаво массалари кириб, Ўзбекистон бўйлаб об-ҳавонинг ёмонлашишига олиб келади, деб хабар бермоқда Ўзгидромет.

Таъкидланишича, Республика шимолида қор кўринишидаги ёғингарчилик шанба кунига ўтар кечаси бошланади. Барча жойларда ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик қорга айланиши билан кузатилади. Баъзи жойларда шамол 15-20 м/с.гача кучаяди. Фақат энг чекка шарқда (Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари) шанба куни ҳаво булутли, лекин қуруқ бўлиши кутилмоқда.

Якшанба куни ғарбий ҳудудларда ёғингарчилик кузатилмайди. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё вилоятларида қор кўринишидаги ёғингарчилик куннинг иккинчи ярмигача давом этади ва фақат энг чекка жанубда ва Фарғона водийсида ёғингарчилик бўлиши кун давомида сақланиб туради.

Ҳаво ҳарорати якшанба кунига 2 даража совуқ 3 даража илиқ қийматларигача пасаяди.