“Дамас” ва “Зил” тўқнашуви катта ёнғинга сабаб бўлди

Кеча, 28 июнь куни соат 14:15 да Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳри, Гулистон МФЙда жойлашган кўп қаватли уйнинг 1-қаватидаги дўконда ёнғин келиб чиқди, деб хабар берди ФВВ матбуот хизмати.

Бунинг оқибатида ушбу ҳудуднинг 190 метр квадрат майдони, яъни дўконнинг шифти ва ички жиҳозлари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларига зарар етган.

Мазкур хабар юзасидан вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ёнғин-қутқарув гуруҳи воқеа жойига зудлик билан етиб бориб, ёнғинни ўз вақтида бартараф этди. Қутқарувчиларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида 90 метр квадрат сақлаб қолинди.

Бирламчи маълумотларга кўра, ҳодисанинг келиб чиқишига “Дамас” ҳамда “Зил-130” русумли автомобилларининг тўқнашуви сабаб бўлган, деб тахмин қилинмоқда.

Келиб чиққан ёнғинда ҳалок бўлган ва жабрланган фуқаролар бўйича маълумот келиб тушмаган.