Дарахт шохлари йўл белгиларини "яширмоқда", хавфни ким бартараф этади?
Самарқанд шаҳридаги Юсуф Ҳамадоний, Шоҳруҳ Мирзо, Абдураҳмон Жомий, Пушкин, Мирзо Улуғбек, Темур Малик, Амир Темур, Фирдавсий ва Ўзбекистон кўчалари кесишмаларида дарахт шохлари светофор ҳамда йўл белгиларини тўсиб қўйган.
Оқибатда ҳайдовчилар ишора ва белгиларни ўз вақтида кўра олмай, тирбандлик ва авариявий ҳолатларга дуч келмоқда. Айниқса, устуворлик белгилари барглар орасида қолиши йўл ҳаракати хавфсизлигига жиддий таҳдид соляпти.

Муаммонинг яна бир жиҳати — масъулият масаласи. Йўл белгилари ва светофорларни тўсиб турган шохларни буташ ишлари ободонлаштириш соҳаси зиммасида бўлса, экологик талаблар бўйича тегишли рухсат ва хулоса экология органлари томонидан берилади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги идоралари эса бундай ҳолатларни аниқлаб, бартараф этиш бўйича талаб киритиши лозим.

Шаҳар ҳокимлиги ва масъул ташкилотлар ушбу муаммони зудлик билан бартараф этиши керак. Чунки йўл белгиси ва светофорни кўриш имкони чекланган кўчада хавфсиз ҳаракатни таъминлаб бўлмайди.
Хулоса шуки, бундай ҳолатлар фақат мурожаат ёки танқиддан кейин эмас, масъул хизматлар томонидан мунтазам назорат асосида аниқланиб, ўз вақтида бартараф этилиши зарур. Зеро, бир неча шохни буташ оддий ободонлаштириш ишидек кўринса-да, амалда у инсон ҳаёти ва йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ масаладир. Йўл белгиси кўринмай қолган ҳар бир нуқта эҳтимолий хавф манбаи эканини унутмайлик.

Бахтиёр Мустанов.