Давлат божхона қўмитасига ўсимлик ёғи импорти учун 15 % миқдорида акциз солиғи ставкасини жорий қилиш таклифи билдирилди

Самарқанд вилояти божхона бошқармасида Давлат божхона қўмитаси раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган сайёр қабулда бошқарма раҳбариятига “Pet Agro Oil” МЧЖ қўшма корхонаси мисолида ишлаб чиқариш жараёнини жойига чиққан ҳолда ўрганиш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича таҳлилларга асосланган таклифларни ДБҚга юбориш юзасидан топшириқ берилган эди.

Кеча вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Д.Юсупов раҳбарлигида божхона ходимлари Тойлоқ туманида жойлашган ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “Pet Agro Oil” МЧЖ қўшма корхонасида бўлди.

Корхона томонидан 2018-2019 йилларда ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш учун хориждан 87,6 минг тонна, қиймати 25,4 миллион АҚШ долларига тенг бўлган хомашёлар (кунгабоқар уруғи – 86,7 минг тонна, перлит кукуни - 240 тонна, оқартирувчи тупроқ - 300 тонна, каустик сода - 120 тонна) импорт қилингани аниқланди.

Ушбу импорт қилинган хом ашёлардан ТИФ ТН коди 1206009900 бўлган кунгабоқар уруғи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 январдаги ПФ-5303-сон фармони асосида божхона тўловларидан озод этилган ҳолда божхона расмийлаштируви амалга ошириб келинган бўлса, ТИФ ТН коди 3802900000 бўлган перлит кукуни ва оқартирувчи тупроқ ҳамда ТИФ ТН коди 2815110000 бўлган каустик сода товарлари қўшилган қиймат солиғи тўлаган ҳолда эркин муомалага чиқариб келинган.

Бироқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги ПФ-5755-сон фармони билан 2019 йил 1 октябрдан бошлаб кунгабоқар уруғи импорт қилинганда қўшилган қиймат солиғидан назарда тутилган имтиёзлар бекор қилинди.

Натижада, корхона томонидан 100 тонна ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш учун кетган хомашёлар бўйича тақдим этилган калькуляцияга кўра, 1 килограмм ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш харажатлари ҚҚСни тўлаш бошланганлиги ҳисобига 9 780,4 сўмга ёки 1,03 АҚШ долларига тўғри келмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, бугунги кунда ТИФ қатнашчилари томонидан Қозоғистондан импорт қилинаётган ўсимлик ёғининг божхона қиймати ҳар 1 килограмм 0,65-0,80 АҚШ долларидан белгиланиб, 15 % миқдорида ҚҚС тўлаган ҳолда (бож – 0%, акциз солиғи – 0%) ички бозорга 1 килограмм 0,75-0,92 АҚШ долларлик таннарх билан кириб келмоқда.

Оқибатда “Pet Agro Oil” МЧЖ ҚК каби маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўсимлик ёғлари импорти билан шуғулланаётган ТИФ қатнашчилари билан таннарх бўйича рақобат қила олмай қоляпти.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 октябрдаги ПҚ-4470-сон қарори билан 2020 йил 1 январдан бошлаб ўсимлик ёғи импорти учун 5 % миқдорида божхона божи (акциз солиғи – 0%) жорий қилинади. Лекин ушбу маҳсулот асосан Қозоғистон ва Россия давлатларидан олиб келинганлиги боис “Эркин савдо зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги битим қоидаларига мувофиқ божхона божи тўланмайди.

Мазкур масаланинг ечимини топиш мақсадида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулот яратиш қувватларини ва яратилган иш ўринларини сақлаб қолиш мақсадида 2020 йил 1 январдан эътиборан ўсимлик ёғи импорти учун 15 % миқдорида акциз солиғи ставкасини жорий қилиш таклифи Давлат божхона қўмитасига юборилди.

Албатта, жойларга чиқиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг фаолияти билан яқиндан танишиб, уларнинг ишлаб чиқариш жараёнига тўсиқ бўлаётган муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш мақсадида амалдаги қонунчиликка таклиф киритиш иқтисодиётимиз ривожига ижобий самара беради.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.