Давлат фуқаролик хизматчилари қаерда, қандай танланади?
Ривожланган хорижий давлатларда давлат фуқаролик соҳасида кучли ҳуқуқий асос яратилган бўлиб, давлат органлари ва ташкилотларига вакант лавозимларга кадрларни танлаб олишнинг шаффоф ва адолатли механизми жорий этилган.
Масалан, Буюк Британияда давлат хизматчиларини тайёрлаш дастурининг асосий мақсади давлат бошқаруви концепциясини амалга ошириш ҳамда давлат хизматининг сифатини оширишга қаратилган.
Мамлакатда ўрта ва юқори даражадаги давлат хизматчиларининг асосий қисмини ўқитадиган давлат хизмати коллежи фаолият юритади. Бўлажак раҳбарларни тайёрлашга қаратилган ўқув дастурини маваффақиятли якунлаган тингловчига 3 тагача даража юқори лавозимни эгаллаш имконияти берилади.
Германияда узлуксиз таълим олиш давлат хизматида ўсиш ва ротация қилишнинг асосий шарти ҳисобланади. Францияда ҳам давлат бошқарув органларига кадрларни тайёрлаш профессионал даражадаги бошланғич ҳамда узлуксиз касбий тайёргарликдан иборат. Шундай тартибда турли вазирликлардаги давлат хизматчиларини ишга қабул қилиш бўйича очиқ танловлар ташкил этилади.
Испанияда ҳам давлат хизматчиларини ишга қабул қилиш очиқ танлов имтиҳонлари орқали амалга оширилади, бунда имтиҳонлар маъмурий ҳуқуқ, давлат иқтисодиёти, давлат бошқаруви, бюджет ва молияни бошқариш йўналишларидан олинади. Ушбу тизимда битирувчилар бир неча ой давомида мажбурий амалиёт ўтайди. Бу эса уларга давлат бошқарувида доимий ишга эга бўлиш имкониятини яратади.
АҚШда давлат хизмати ҳар доим ҳуқуқий билимлар, хусусан, маъмурий ҳуқуқ билан чамбарчас боғлиқ бўлган. Охирги йилларда давлат хизматчиларининг иқтисодий билимларига ҳам эътибор кучаймоқда.
Умуман, илғор хорижий давлатларда давлат хизматига кириш ва “карьера” қилиш ўзига хос хусусиятларга эга. Бунда асосий эътибор давлат хизматига киришда барча фуқароларга тенг имкониятлар яратишга қаратилган. Ҳуқуқи бузилган деб ҳисоблаган давлат хизматчилари бевосита маъмурий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Давлат хизматини кадрлар билан таъминлаш ва уларни танлаш, одатда бажариладиган ишнинг табиати ва даражаси, талаб қилинадиган қобилият, малака ва иш тажрибаси, шунингдек, ишбилармонлик фазилатлари билан боғлиқ.
Мисол учун, Буюк Британияда давлат фуқаролик хизматига кадрлар танлови билан давлат хизмати Комиссияси, шунингдек, бевосита вазирлик ва идоралар шуғулланади. Бунда давлат хизматига кадрларни танлаш ва баҳолаш бўйича масъул агентлик ёрдамчи роль ўйнайди. Ходимларни танлашда вазирлик ва идоралар давлат хизматига номзодларни баҳолаш ва танлаш бўйича агентлик хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Номзодларни саралаш жараёнида биринчи берилган мавзу бўйича ёзма маъруза тайёрлаш керак. Ундан муваффақиятли ўтганлар билан тест ва суҳбат ўтказилади ҳамда юқори балл тўплаган номзод билан танловнинг якуний бўлими вакиллари томонидан охирги суҳбат ўтказилади.
Турли ўқув юртлар, мактаб ва университетларнинг малака ошириш ўқув-курсларидан номзодга берилган тавсияномалар ҳам ишга қабул қилишда инобатга олинади. Одатда юқори даражадаги давлат хизматига ўтиш учун университетни битирганлик, лавозим учун камида 2 йил тайёргарлик амалиёти ҳамда малака имтиҳонидан ўтиш талаб этилади. Умумий маъмурий лавозимни эгаллаш учун номзоддан ҳуқуқий, молиявий, иқтисодий ва ижтимоий фанларни ўрганиш талаб этилади.
Aмерика Қўшма Штатларида давлат хизматига ҳар бир лавозимга қўйиладиган талаблар, иш кўлами, вазифа ва мажбуриятлар очиқ эълон қилинади. Давлат хизматидаги лавозимлар ва мажбуриятлар уларнинг табиати ва хусусиятига қараб 18 тоифага бўлинади. Ушбу маълумотлар ваканция мавжуд бўлган ҳар қандай давлат органининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади. Ҳар бир киши тақдим этилган маълумотлар билан танишиши, маълум талаблар асосида тегишли ҳужжатларни тўлдириши ва ариза бериши мумкин. Шундан сўнг, белгиланган кунда талабгор танлов имтиҳонига келади ҳамда бошқа номзодларга нисбатан юқори балл тўпласа, у давлат хизматига қабул қилиниши мумкин. Aгар ишга кирган давлат хизматчиси лавозимда кўтарилишни хоҳласа, у кадрлар бўлимига ариза беради ва белгиланган кунда имтиҳон топширади. Ходимни юқори лавозимга кўтариш тўғрисидаги қарор имтиҳон натижаларига кўра қабул қилинади.
AҚШда Инсон ресурсларини бошқариш бошқармаси қонун билан тартибга солинади ва ушбу фаолиятга алоҳида эътибор берилади. Бунда асосий омил "инсон" бўлиб, у меҳнат фаолиятининг асосий ҳал қилувчи манбаи сифатида қаралади. Кадрлар билан ишлаш бошқармаси тўғридан-тўғри Президентига бўйсунади ва ишга қабул қилиш, тайинлаш, тўлов, рағбатлантириш каби тизимларни шакллантиради. Ушбу бошқармани 4 йил давомида Президент томонидан Сенатнинг розилиги билан тайинланадиган директор бошқаради. Ходимларнинг умумий сони 8 минг кишини ташкил этади, улардан 3,2 мингтаси Вашингтонда, қолганлари 10 та ҳудудда, шунингдек, кадрлар танлаш ва имтиҳон ўтказиладиган жойларда, таълим, ахборот ва "тергов марказларида" (кадрларни ҳар томонлама ўрганиш маркази) ишлайди.
Францияда давлат хизматига танловнинг учта асосий тури мавжуд: ташқи - маълум дипломга эга бўлганлар учун, ички - давлат хизматида тажрибага эга бўлган мансабдор шахслар учун ва аралаш - бунда олдинги иккита турнинг комбинацияси таъминланади.
Танлов мустақил коллегиал орган – ҳакамлар ҳайъати томонидан ўтказилади. Ҳакамлар ҳайъати номзодларни лавозимларга тайинлашда олдин эришган ютуқларига қараб фарқлайди. Ҳакамлар ҳайъати номзодни лавозимга тайинлашга ваколатли давлат органи ҳисобланади. Шунга қарамасдан, ҳакамлар ҳайъати лавозимни эгаллашга тавсия беради ва якуний қарор танловни эълон қилган орган ёки шахс томонидан қабул қилинади.
Танловдан ўтган шахс автоматик равишда давлат хизматчиси мақомига эга бўлмайди, балки стажёр сифатида ишлайди ва синов муддати тугагандан сўнг доимий давлат хизматига тайинланади. Танловнинг қонунийлиги маъмурий суд томонидан назорат қилинади.
Шарқий Осиёда эса давлат хизматига қабул қилиш тизими Ғарбий Европага нисбатан фарқланади. Масалан, Японияда давлат хизматчиларини танлаш ва тайёрлаш бешта тизим комбинациясига асосланган: “бир умрга ёллаш”, ротация, иш жойида ўқитиш, обрў орттириш ҳамда моддий рағбатлантириш. Ушбу тизимларнинг ўзаро боғлиқлиги давлат хизматчисида юқори самарали ишларни максимал даражада амалга оширишга қизиқиш, касбий ва ишбилармонлик фазилатларини яхшилашга олиб келади.
Фақат Япониягагина хос бўлган умрбод ёллаш тизими битта ташкилотда (нафақага чиққунга қадар) ёлланиб ишлашни англатади. Бунда лавозим ва тўлов миқдори ходим иш стажининг узлуксизлигига боғлиқ. Давлат хизматидаги "умрбод бандлик" тизимининг хусусиятларидан бири шундаки, мансабдор шахс кўпинча идоралараро эмас, балки ташкилот ичида бошқа лавозимга ўтказилади.
Ротация тизими ишчи кучининг ҳаракатчанлигини таъминлайди, унинг ишлаш қобилиятини, малакаси ва рақобатдошлигини оширади.
Бунда битта иш жойида 2-3 йил ишлаган ходимни горизонтал ва вертикал равишда бошқа ишга кўчирилади. Ротация ходимнинг розилигисиз амалга оширилади. Қоидага кўра, ходим фақат 2-3 марта горизонтал кўчирилгандан сўнггина унинг вертикал ротацияси амалга оширилади, яъни лавозимда кўтарилиш, юқори маошли лавозимга ўтиш имконияти пайдо бўлади.
Ротация, шунингдек, давлат хизматчисини дунёқарашини кенгайтиришга, атрофдаги воқеликка кенгроқ қарашни ривожлантиришга ундайди.
Японияда ташкилот, корхона ва давлат хизматлари мактаблар ва университетлардан махсус тайёргарликни ўтаган кадрларни талаб қилмайди. Уларнинг ўзи ходимларнинг билимини ташкилот учун зарур бўлган даражагача оширади. Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш вазирлиги таркибига кирувчи Давлат хизмати академияси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари учун давлат хизматчиларини ўқитади. Давлат хизматчиларини тайёрлаш бўйича ишлар махсус орган - нодавлат мақомига эга бўлган Кадрлар билан ишлаш миллий бошқармаси томонидан амалга оширилади.
Илғор хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистонда ҳам давлат фуқаролик хизмати соҳасида ўзига хос тизим яратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармон ҳамда қарорларига асосан Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда ушбу агентликнинг ҳудудий филиаллари ташкил этилди.
Агентлик зиммасига давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш вазифаси билан бир қаторда кадрларни давлат фуқаролик хизматига очиқ мустақил танлов асосида қабул қилишни ташкиллаштириш вазифалари юклатилди.
Жорий йилнинг 19–29 июнь кунлари агентликнинг ҳудудий филиаллининг ўзидаги вакант лавозимларни малакали ва муносиб номзодлар билан тўлдириш мақсадида агентликнинг расмий веб-сайтида ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида очиқ танлов эълон қилинди. Унда бўш лавозимларнинг малака талаблари ҳам белгилаб қўйилди.
Вакант лавозимга қизиқиш билдирган ҳар бир фуқаро талаб қилинган ҳужжатларнинг электрон нусхасини ва аризани ортиқча оворагарчиликсиз юборишига имконият яратилди. Ҳужжатлар қабули тугагандан сўнг биринчи босқичда номзодларнинг ҳужжатлари вакант лавозимга қўйилган малака талабларига мувофиқлиги ўрганиб чиқилди. Иккинчи босқичда номзодларнинг ахборот-коммуникация технологиялари, иқтисодиёт, маънавият ва тарих, сиёсат ва ҳуқуқ, шунингдек бошқа соҳалар бўйича билим ва кўникмалари тест синовидан ўтказилди. Унда 60 дан юқори балл тўплаган номзодлар онлайн тартибда ва инсон омили иштирокисиз ўтказилди.
Вилоят мисолида айтадиган бўлсак, белгиланган вакант лавозимлар учун 23 нафар номзод беллашди ва учта босқичдан муваффақиятли ўтган 5 нафар номзоднинг шахсий ва касбий кўникмаларига баҳо бериш мақсадида тўртинчи босқичда танлов комиссияси томонидан суҳбат ўтказилди.
Танлов комиссиясининг якуний хулосаларига кўра номзодлар орасидан юқори балл тўплаганлар вакант лавозимларга ишга қабул қилинди.
Ушбу амалиёт мамлакатимизда кадрлар сиёсатини тубдан такомиллаштириш бўйича ижобий янгилик. Негаки, ташкилотларнинг расмий веб-сайтида бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар озми-кўпми келтирилади, аммо унга қабул қилиш шартлари кўрсатилмайди. Аксарият ҳолларда вакант лавозимларга 3 та номзоддан фақат “белгиланган” номзодгина суҳбатдан ўтган ҳисобланади. Яъни, бошқарув органларида раҳбарлик лавозимларига очиқ танлов эълон қилиниб, номзодларни саралаш тизими йўлга қўйилмаган.
Раъно УМАРОВА,
Давлат хизматини ривожлантириш
агентлиги вилоят филиали бош инспектори.