Давлат раҳбари 40 йиллик муаммони кўтарди
Президентимиз 21 июль куни ўтказган йиғилишда геодезия, картография ва кадастр соҳасида қатор муаммолар тўпланиб қолганлигига эътибор қаратиб, ер ҳисоби ва давлат кадастрларини тўлиқ шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этишни таъкидлади.
Мамлакатимизда ер хатлови охирги марта 40 йил олдин ўтказилган. Масалан, 140 та туман маъмурий чегаралари ҳозиргача аниқ эмас. Қишлоқ хўжалиги ерларини ажратиш тартиби 20 йил олдин қабул қилинган ва ҳозирги ислоҳотлар талабига жавоб бермайди. Оқибатда соҳада талон-торожлик ва коррупция авж олган. 66 та туманда 150 минг гектар экин майдонларининг ўзбошимчалик билан эгаллангани, охирги икки йилда 122 нафар кадастр ходими жиноий жавобгарликка тортилгани бунинг далили.
Шу боис тизимни ислоҳ қилиш бошланди. Президентимиз кадастр идораларининг асосий вазифаси ернинг ҳисоби ва балансини юритиш бўлиши кераклигини қайд этди. Йил якунига қадар ер тури, контури, чегараси ва фойдаланувчиси ҳақидаги маълумотлар жамланган ахборот тизимини ишга тушириш вазифаси қўйилди. Энди ер ажратиш тўғрисидаги қарор мазкур тизимга киритилсагина ҳақиқий ҳисобланади. Сунъий йўлдош каналларини ижарага олиш ва сигналларни қайта ишлаш тизимини ташкил этишга кўрсатма берилди. Бу эса космосуратларни йиллар бўйича таққослаш орқали ҳосилдорликни таҳлил қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини мунтазам ўрганишда қўл келади.
Йил якунига қадар қишлоқ хўжалиги майдонларини электрон танлов ва аукцион асосида ажратиш тартибини жорий қилиш, халқаро экспертларни жалб этган ҳолда ер тоифаларини оптималлаштириш бўйича топшириқ берилди. “Ергеодезкадастр” давлат қўмитасининг тупроқ сифатини баҳолаш, ерларни ривожлантириш, экинларни жойлаштириш билан боғлиқ вазифаларини, шунингдек, Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институтини Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказиш таклифи билдирилди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигига йил якунигача 10 минг гектар ер майдонининг тупроқ таҳлилини ва агротехнологик хариталарини тайёрлаш вазифаси қўйилди.
Соҳадаги яна бир камчилик, баъзи турдаги кадастрлар тўлиқ шаклланмаган. Масалан, автомобиль йўллари кадастри 23 фоиз, маданий мерос объектлари 32 фоиз, қувурлар 32 фоиз, шаҳарсозлик кадастри 63 фоиз шаклланган, холос. Шу боис IT-технологияларни ривожлантириш бўйича Бош вазир маслаҳатчисига ишчи гуруҳ тузиб, кадастрлар базасини тўлиқ ишлаб чиқиш топширилди.
Президентимиз соҳанинг кадрлар салоҳияти пастлиги, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси тизимидаги 27 фоиз ходимлар мутахассислиги соҳага тўғри келмаслигини қайд этди. Шу йўналишда хорижий олий ўқув юрти филиалини ташкил қилиш муҳимлиги, Италиянинг Пиза университети ҳамда Москва давлат геодезия ва картография университети билан ҳамкорлик ўрнатиш кераклиги таъкидланди.
Самарқанд вилояти ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ахборот хизмати.