Давлат тиббий суғуртаси аҳоли учун қандай қулайлик яратади? Тиббиёт муассасаларига-чи?
Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш ва бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш мақсадида тиббиёт муассасаларида босқичма-босқич давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 5 сентябрдаги қарорига кўра, 2025 йил 1 январдан вилоятимизда ҳам вилоят даражасидаги тиббиёт муассасалари янги тизимга ўтди. Туман, шаҳар тиббиёт муассасаларида эса шу йилнинг 1 июлидан давлат тиббий суғуртаси механизми йўлга қўйилади.
– Бугунги кунда кўплаб давлатларда қўлланилаётган мазкур тизим юртимизда дастлаб Сирдарё вилоятида синаб кўрилди ва 2024 йилда ушбу вилоят ва Тошкент шаҳрида жорий этилиб, ўзини оқлади, – дейди Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси вилоят ҳудудий бош мутахассиси Даврон Раззоқов. – Янги тизимнинг беморлар учун афзаллиги шундаки, тиббий ёрдам сифати ва қулайлиги ошади, тиббий ёрдам ҳажмининг давлат томонидан кафолатланиши ва шаффофлиги таъминланади, тиббий хизматлар учун норасмий тўловлар даражаси пасаяди, соғлиқни сақлаш тизимининг аҳоли эҳтиёжларини ўз вақтида ва сифатли таъминлашга қаратилганлиги ортади, саломатликни яхшилаш, умр кўриш давомийлигини оширишга туртки беради. Тиббиёт муассасалари ва ходимлар учун қулайлиги эса бунда иш самарадорлигига қараб, барқарор молиялаштириш жорий этилади ва бу тиббий хизмат кўрсатувчилар ўртасида соғлом рақобатни ривожлантиради, янги корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш рағбатлантирилади, молиявий эркинлик ва манфаатдорлик пайдо бўлади.
Янги тизимнинг давлат ва жамият учун аҳамияти шундаки, аҳолининг барча қатламларини тиббий ёрдам билан қамраб олиш имконияти пайдо бўлади, давлат ва фуқароларнинг умумий жавобгарлиги шаклланади, соғлиқни сақлаш тизимининг молиявий барқарорлиги таъминланади, соғлиқни сақлаш харажатларини ва самарадорлигини мақбуллаштириш тизими йўлга қўйилади, соҳада шаффофлик ортади.
Суғурта учун аҳолидан пул ундирилмайди
Давлат тиббий суғуртаси доирасида бепул тиббий хизматлар кўрсатиш ва дори воситаларини тақдим этиш давлат бюджетига тўланаётган солиқлар ҳисобидан амалга оширилади. Бунда аҳолидан давлат тиббий суғуртаси учун қўшимча тўлов ундирилмайди.
Президентимизнинг 2024 йил 5 сентябрдаги қарорида қайд этилганидек, вояга етмаганлар, таълим ташкилотлари ўқувчи-талабалари, ҳомиладор аёллар ва икки ёшга тўлмаган боласини парваришлаётган шахслар, меҳнат органларида ишсиз сифатида расмий рўйхатдан ўтганлар, давлат пенсиясини олувчилар ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилаларнинг аъзолари ҳам давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари, яъни кафолатланган пакетга киритилган бепул тиббий хизматдан фойдаланиши мумкин. Фақат бунинг учун белгиланган муддатларда тегишли тиббий кўриклардан ўтиш, оилавий шифокорга ёки тиббиёт бригадасига мурожаат қилиш талаб этилади. Бунда оилавий шифокор даволаш ва ташхислаш стандартларига мувофиқ тор соҳа шифокорларига, зарур ҳолларда шифохоналарга электрон йўлланма беради ҳамда бемор мазкур йўлланма асосида тор соҳа шифокори томонидан кўрикдан ўтказилади ва (ёки) шифохонага ётқизилади. Ушбу тартибга риоя этилмаган ҳолларда тиббий хизматлар пулли асосда кўрсатилади.
2027 йил 1 январдан бошлаб эса сўнгги бир йил давомида камида олти ой жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ёки ижтимоий солиқ тўлаганлар, шунингдек, белгиланган тоифадаги шахслар учун давлат тиббий суғуртаси тизимида юқори технологик тиббий ёрдам бепул амалга оширилади.
Шу ўринда юртдошларимизга эслатиб ўтишимиз лозим, кафолатланган пакет барча ҳудудлар учун бир хил бўлади ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади. Ҳозирги кунда вазирлик томонидан 2023 йил 13 октябрда тасдиқланган кафолатланган пакет қўлланилмоқда.
Аввал оилавий шифокорга мурожаат қилиш лозим
– Давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган қароридан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги келишган ҳолда республикамизнинг 5 та вилоятида, жумладан, Самарқандда вилоят даражасидаги 20 та тиббиёт муассасаси 2025 йил 1 январдан тиббий суғурта тизимига ўтди, – дея сўзида давом этади Д.Раззоқов. – Уларни молиялаштириш эндиликда жамғарма орқали амалга оширилади. Сирдарё вилояти ва Тошкент шаҳри тажрибасидан келиб чиқиб, ҳозирда бу шифохоналарда янги тизим асосида фаолият йўлга қўйилмоқда. Албатта, янгиликни жорий этиш осон кечмайди, аҳоли ва ходимлар ўртасида ҳам тушунтириш ишларини олиб бориш, янги тизим моҳиятини очиб бериш керак. Ва айни пайтда бу борада вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан биргаликда иш олиб боряпмиз, хорижий тажриба ўрганилмоқда. Яқинда туркиялик мутахассислар билан тажриба алмашдик.
Янги тизимда даволаниш учун тиббиёт муассасасига мурожаат қилаётган фуқаро кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматлардан бепул фойдаланиши учун аввал оилавий шифокорга мурожаат қилиш талаби мавжуд. Бу ҳақда аҳолига оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали хабар етказдик, поликлиникаларда ҳам халқимизга бу тартиб тарғиб этилмоқда. Бугунги кунда вилоятимизда 70 та оилавий поликлиника, 158 та оилавий шифокорлик пункти фаолият кўрсатмоқда. Бу муассасаларда тасдиқланган штат меъёрларига асосан оилавий шифокорлар мавжуд. Агар юртдошларимиз доимий равишда ана шу шифокорлар билан мулоқотда бўлсалар, саломатликларидаги ҳар бир ўзгариш юзасидан уларга мурожаат қилиб борсалар, биринчи навбатда, ўз соғликлари учун, қолаверса, зарурат юзага келганда шифохоналарда стационар ётиб даволанишлари учун бепул тиббий пакетдан фойдаланишларида қулай бўлар эди.
Кези келганда шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматлардан бепул фойдаланиш учун аввал оилавий шифокорга мурожаат қилиш талаби режали равишда текшириш ва даволаниш учун юбориладиган беморлар учун амал қилади. Беморлар ҳаётига хавф соладиган шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам олишни талаб қилувчи ҳолатлар бундан мустасно. Бу фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисидаги қонунда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 сентябрдаги қарорида ҳам аниқ белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 26 февралдаги ПФ-3214 сонли фармони билан тасдиқланган имтиёзли тоифадаги шахсларга ҳам давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби сақлаб қолинади.
Ғолиб Ҳасанов.