Давлат харидлари нима?

Шунингдек, давлат бюджети, марказлаштирилган манбалар ва давлат улушига эга бўлган корхоналар маблағларидан самарали фойдаланишга имкон яратади.

Қонун харидларнинг беш тартиб-таомилини белгилайди, шундан иккитаси давлат хариди бўйича қарор қабул қилишда инсон омилини буткул инкор этади. Қолган харид тартиб-таомиллари шаффофлиги махсус ахборот порталида зарур ахборот чоп этиш йўли билан таъминланади.

Электрон дўкон ва аукционда ғолибни аниқлаш автоматик тарзда электрон тизим орқали амалга оширилади. Махсус талаблар татбиқ этилмайдиган товарлар (ишлар, хизматлар) электрон дўкон орқали харид қилинади. Бюджет буюртмачилари учун энг кам иш ҳақининг 25 баравари, йилига энг кам иш ҳақининг 2500 бараваридан, корпоратив буюртмачилар учун йилига энг кам иш ҳақининг 250 бараваридан ортиқ бўлмаган лимитлар ўрнатилди.

Аввал электрон савдо орқали биржада фақат 10-13 товар, иш, хизматлар гуруҳи рўйхатга кирган, 100 минг АҚШ доллари қийматигача фақат биринчи даражада зарур товарлар харид қилинган. Танлов савдолари ўрнатилган мезонларга жавоб берадиган товар (ишлар, хизматлар)нинг барча турларига татбиқ этилади. Илгари танлов савдоларини ўтказиш механизми фақат капитал қурилиш соҳасида амал қилар эди. Тендер танловлари учун бюджет буюртмачиларига – йилига энг кам иш ҳақининг 6000, корпоратив буюртмачиларга эса йилига энг кам иш ҳақининг 25000 бараваридан юқори лимитлар ўрнатилган.

Қонун билан харид қилиш тартиб-таомиллари устидан мониторинг ва назорат тартибга солинмоқда. Давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича тузилаётган комиссиянинг фаолияти харидларнинг барча турларига тадбиқ этилади. Илгари давлат харидларини назорат қилиш масаласи тартибга солинмаган, низо ва келишмовчиликлар фақат электрон савдолар бўйича махсус комиссия томонидан кўриб чиқилган.

Давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали xarid.uz интернет манзилида расман ишга тушди. Эндиликда порталда давлат харидлари бўйича барча эълонлар ва уларнинг натижалари жойлаштирилади ҳамда давлат харидлари электрон дўкон ва бошланғич нархни пасайтиришга қаратилган электрон аукцион шаклларида ўтказилади.

Ҳамза ТЎЙЧИЕВ,

вилоят ғазначилик бошқармаси бошлиғи.