Дазмол уй, Бахтли томчи ва Озғин совға: Дунёдаги энг тор бинолар
Агар уй-жойингиз торлигидан норози бўлсангиз, кўз олдингизга кенглиги 72 сантиметр бўлган уйда яшашни келтиринг. Бундай уй исроиллик ёзувчига совға қилинган эди, бироқ у бир неча ҳафтадан кейин у ердан қочиб кетди. Одамлар бундан ташқари яна қандай ғайриоддий биноларни ўйлаб топишганини биласизми?
«Flatiron building» - Дазмол уй
Нью-Йоркдаги Бродвей ва 5-авеню чорраҳасида жойлашган ноодатий шаклдаги «Flatiron building» биноси 1902 йилда меъмор Дэниел Бёрнэм лойиҳаси асосида қурилган.
Дазмол уй бир вақтлар дунёдаги энг баланд бино унвонига эга эди. Айнан шундан сўнг Нью-Йоркда "Манхэттенлаштириш" жараёни - кўп қаватли бинолар қурилиши авж олди. 22 қаватли бинонинг баландлиги 86,9 метр, унинг минимал кенглиги эса 2 метр келади.
Skinny House: Уч метрлик қасос
Америкадаги яна бир тор уй Бостонда жойлашган. Skinny House (озғин уй) деб аталадиган уч қаватли уйнинг кенглиги атиги 3,16 метр. Ғайриоддий бино 1862 йилда қурилган.
Маҳаллий афсонага кўра, икки ака-ука марҳум отасидан ерни мерос қилиб олади. Бири фуқаролар урушида бўлганида, иккинчиси ўзи учун катта ва чиройли уй қуриб, биродарига арзимаган ер бўлагини қолдиради. Мулкидан маҳрум бўлган аскар қайтиб келгач, қасос олиш мақсадида озғин уйни қуриб, акасини қуёш нуридан тўсиб қўйди.
2021 йилда машҳур бино ҳатто сотувга қўйилди. Ўшанда “Озғин уй” 1,25 миллион долларга баҳоланган эди.
High Cliff: Гонконг қояси
Гонконгдаги осмонўпар «High Cliff»нинг баландлиги 252, кенглиги эса атиги 12 метр бўлиб, бу нисбат деярли 1 га 20 тўғри келади. Тузилиши шунчалик нозикки, тайфунлардан ҳимоя қилиш учун унинг устига қўшимча пассив амортизаторлар ўрнатилган.
Ичкарисида ҳашаматли турар-жойлар, фитнес маркази ва аҳоли учун сузиш ҳавзаси жойлашган 73 қаватли қоя 2003 йилда қурилган. «High Cliff» даги 2-4 хонали квартираларнинг нархи 10-20 миллион доллардан бошланади.
«Lucky Drops» - Япониядаги ер ости томчилари
Гавжум Токиода ернинг ҳар бир квадрат сантиметри олтинга тенг. Демак, ер остига кириш вақти келди. «Atelier Tekuto» компанияси лойиҳачилари ноодатий дизайндаги ихчам уйни ўйлаб топиб, бу уйларни "бахтли томчилар" деб атади.
Яшаш майдонининг катта қисми ер остида жойлаштирилган уйнинг баландлиги 29,3 метр, биринчи қаватининг кенглиги 3,2 метр, юқори қисмидаги шифт эса 70 сантиметрдан ошмайди.
Ташқи томондан, уй кўпроқ космик кема ёки тор иссиқхонага ўхшаб кетади. Бироқ, қулай яшаш учун ичкарида ҳаммом, душ ва электр энергияси бор.
Keret House: нозиккина совға
Дунёдаги энг озғин биноларнинг ҳақиқий рекордчиси Варшавада жойлашган. Бошқа иккита уй орасида қурилган «Keret House»нинг максимал кенглиги 122 сантиметр, баъзи жойлари эса 72 сантиметр.
Бу ерда яшаш учун лозим бўлган электр энергияси, сув, канализация ва иситиш тизимлари бор. Лойиҳа польшалик архитектор Якуб Шесна томонидан амалга оширилган. У ўз ижодини Иккинчи жаҳон уруши пайтида Варшавада туғилган исроиллик ёзувчи Эдгар Керетга бағишлаб, уйни унга тортиқ қилди. Лекин Керет бу ерда бир неча кунгина яшади.