Депутат анкетаси: Агробанкдан депутат сўровимга мавҳум жавоб олдим

1. Сайлов округингизда 2020 йилда қандай лойиҳалар режалаштирилган? Улар ижросига киришилганми?

Округда 35 мингга яқин аҳоли яшайдиган 13 та маҳаллани ўз ичига олади. Жорий йилда ҳудудда бир қанча лойиҳалар режалаштирилган, уларнинг айримлари бўйича амалий ишлар бошлаб юборилган. Мисол учун, Сафохўжа маҳалла учун янги биноси қурилмоқда. Сентябрь ойи якуни билан замонавий ва шинам бино фойдаланишга топширилади. Бундан ташқари, Муродобод маҳалласи Кубай қишлоғида кам таъминланган оилалар учун июнь ойида субсидия асосида 0,5 сотихли 9 та иссиқхона қурилди.

2019 йилда Халқобод қишлоғи “Обод қишлоқ” дастури асосида ободонлаштирилган эди. Аммо ажратилган маблағ етмай қолгани учун қурилиш ишлари тўлиқ якунланмаган. Жумладан, 5-умумий ўрта таълим мактаби, 17-МТТ, оилавий поликлиника биноси ва марказий кўчага асфальт ётқизиш ишлари охирига етказилмади. Ушбу лойиҳани якунига етказиш юзасидан туман ҳокимлигига депутатлик сўрови юбордим. Чала қолган ишларни тўлиқ ва сифатли якунлаш жорий йилнинг тўртинчи чорагига режалаштирилганлиги ҳақида жавоб олдим.

2. Депутат сифатида бевосита ўзингиз сайланган сайлов округида маҳалла ёки меҳнат жамоасида қандай тадбир ўтказдингиз?

Ўтган даврда округ ҳудудини янада яхшироқ ўрганиш ва аҳоли ҳаёти билан яқинроқ танишишга ҳаракат қилдим. Шу маънода айтишим мумкинки, ҳудудда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик субъектлари кам бўлгани боис аҳолини ишсизлик муаммоси қийнайди. Аксарият кўчалар чанг ва тупроқ, асфальт ва тош ётқизиш керак.

Карантин сабабли асосан аҳолининг кам таъминланган ва камбағал қатлами билан иш олиб боришга ҳаракат қиляпман. Охирги марта «Иштихон деҳқон бозори» ҳудудида савдо дўконлари ва пештахталардаги санитария талабларининг бажарилиши, озиқ-овқат маҳсулотлари нархини ўргандим. “Митан деҳқон бозори”да ҳам шундай назорат ишларини ўтказиб, бозорлардаги тадбиркорлар ва масъуллар иштирокида тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бордик.

3. Сиз томонингиздан юборилган охирги депутатлик сўровининг мазмуни ва натижасини шарҳланг.

Жорий йил 6 июлда Иштихон тумани «Агробанк» АТБга депутатлик сўрови билан чиқдим. Сафохўжа қишлоғида яшовчи тадбиркор Диёр Саидовнинг 6 ойдан буён кредит олиш учун берган аризаси қаноатлантирилмаётганлигига асосли тушунтириш бериш ёки масалани ҳал қилиш ҳақидаги сўровим ижобий ечим топмади. Банкдан аризачининг навбати келса, кредит ажратилиши ҳақида жавоб олдим.

Феруза ТОҒАЕВА,

26-Халқобод сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати.