Депутат фаол бўлишга мажбур
Амалдаги тартибга кўра, ҳадемай парламент ва маҳаллий вакиллик органларига сайловчилар ташкил қилинади. Бу галги сиёсий имтиҳонда сайловчилар аввалгиларидан фарқли ўлароқ, нафақат аниқ шахслар, шу билан бирга сиёсий партияларга ҳам овоз беради. Табиийки, танлов учун партиялар тўғрисида аниқ тасаввур керак.
Бунда аҳоли, аниқроғи сайловчиларга кўмак ўлароқ, анкета ташкил қилинган эди. Қуйида анкета саволларига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Илҳом Ботировнинг жавоблари билан танишишингиз мумкин.
- Вилоятимизда 500 нафарга яқин депутат фаолият олиб боради. Лекин аҳолининг аксарияти депутатларини танимайди. Бунга сабаб нима, деб ўйлайсиз?
- Аввало, «Зарафшон» газетаси таҳририятига партиялар ва депутатлар фаолияти билан боғлиқ шундай мулоқотларни уюштиргани учун миннатдорлик билдириб қўймоқчиман. Халқ депутатлари – халқнинг ҳокимиятдаги, шу билан бирга партияларнинг вакиллик органидаги қонуний ваколатга эга бўлган вакилларидир. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларимизда вилоят бўйича 540 та депутатлик ўрни бўлса, шундан 156 тасини Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси вакиллари эгаллаган. Шулардан 18 нафари вилоят Кенгаши, 138 нафари туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларидир.
Энди саволингизга келсак, «Аҳолининг аксарияти депутатларини танимайди» дедингиз. Депутатларнинг барчаси ҳақида бундай фикр билдириш унчалик ҳам тўғри бўлмайди, назаримда. Фаолияти бошқаларга нисбатан сустроқ депутатлар бўлиши мумкин. Депутатлик фаолиятида тажрибаси камлиги боис камроқ кўринганлари бўлса, уларга услубий ёрдам кўрсатиш бўйича алоҳида партия гуруҳлари, партия Кенгашида алоҳида бўлим фаолияти йўлга қўйилган. Аксинча, вилоят жамоатчилиги яхши танийдиган депутатлар кўп, деб ўйлайман. Масалан, Рустам Холмуродов, Фармон Тошев каби ёки партиямиз депутатлари Ҳайдар Ўроқов, Бахтиёр Хўжаёров, Жамшид Ҳайдаров, Мирзо Ихтиёров, Шохрух Жўрақулов, Элёр Ҳамраев, Анвар Муротов, Замира Исанова, Баҳодир Раҳмонов каби депутатларимизнинг кўпчилигининг номларини келтиришимиз мумкин. Рўйхатни бундай давом эттирсак бошқа кўплаб депутатларимиз фаоллигига етарлича баҳо бермаган бўлиб қолишдан ўзимизни тийган ҳолда қанчадан-қанча депутатларимизни нафақат вилоят, балки республикамизда кўпчилик яхши танийди, десам янгилишмайман.
Ҳали ҳеч ким унутгани йўқ, пандемия давридаги депутатлар фаоллигини: уларнинг оғир паллада жонбозлик қилиб, тиббиёт тизимида аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишдаги иштироки, кундалик эҳтиёжларга муҳтожлик сезган хонадонларга ўша пайтда кўрсатган хайр-саховатини фақат олқишлаш керак.
Танигани учун, уларга сайловда овоз берилгани учун ҳам депутат бўлишган. Умуман, ҳеч ким танимайдиган шахс депутат бўлиб қолишини тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳар бир депутат шунча вақт давомида депутат деган мандат билан халқ депутатлари кенгашлари фаолиятида иштирок этди, ўз округида кўпдир ёки камдир бўлди. 156 нафар депутатимизнинг барчаси ҳақида ҳам шундай салбий фикр билдириш, менинг назаримда, ноўрин. Қолаверса, депутатлар фаолияти партия кенгашимизда доимий мониторинг қилиб борилади. Бошқаларга нисбатан фаолияти сустроқ депутатлар бўлса, ҳар томонлама ўрганилади ва тегишли хулоса қилиниши бўйича партиявий механизмлар мавжуд.
- Бундан ташқари, вакиллик органига унинг номзодини қайсидир партия кўрсатган бўлишига қарамай айрим депутатлар, ҳатто, ўша сиёсий тузилма билан ҳам яқин ҳамкорлик қилмайди.
- Партиямиздан сайланган депутатлар партиявий лойиҳалар, депутатлик ва жамоатчилик фаолияти орқали сайловчилар билан боғланиб келмоқда. Депутатлар учун алоҳида «Мулоқот форумлари» номли лойиҳа жорий этганмиз. Бу каби тадбирларда депутатлар гуруҳи аъзолари биргалашиб, тумандаги ижро ҳокимияти вакиллари иштирокида сайловчилар мурожаатларини тинглаш амалиётлари ишлаяпти. Бунга ўнлаб мисоллар келтиришим мумкин.
Кенгашларда партия депутатлик гуруҳлари шакллантирилган бўлиб, партия билан келишилган ҳолда ҳар йил бошида иш режалари ишлаб чиқилади ҳамда партия томонидан назорат қилинади. Халқ депутатлари кенгашига ҳисобдор ёки унинг назорати остидаги орган ёхуд мансабдор шахсларнинг ҳисоботи ёки ахборотини депутатлик гуруҳида эшитувлари мунтазам ўтказилиб, оммавий ахборот воситалари, маҳаллий ва марказий теле ва радиоканаллар ҳамда ижтимоий тармоқларда мунтазам ёритиб келинмоқда.
Мисол учун, жорий йилнинг 1-чорагида 34 марта мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилди. Бундан ташқари, “Жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланадиган ёшлар қамровини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” ҳамда «Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 февралдаги 95-сонли “Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси тўғрисида”ги масалалар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари танқидий кўриб чиқилиб, вилоят Кенгаши сессиясига киритилди.
- Шундай бўлишига қарамасдан бугунги кунгача бирор депутат чақириб олинган эмас. Нима деб ўйлайсиз, вакиллик органларига мустақиллик берилаётган бир пайтда бу институтни ишлатиш айни муддао бўлмайдими?
– Тажрибада депутатни чақириб олиш амалиёти кузатилмаган бўлиши мумкин. Бироқ юқорида таъкидлаганимдек, фаолиятида сусткашлик кузатилди, деб топилган депутатлар билан алоҳида иш олиб бориш амалиёти мавжуд. Депутатлик ваколатидан фойдаланиш, депутатлик гуруҳлари фаолиятидаги иштирокини яхшилаш, доимий комиссиялар ва сессияларда фаоллик кўрсатиш, энг асосийси, ўз округидаги фаолиятини ташкил этиш бўйича зарур кўрсатма ва услубий ёрдам кўрсатиб бориш орқали депутат фаолигини ошириш мумкин.
- Умуман, жорий йилги сайловлар ўтган сафаргилардан тубдан фарқ қилиши табиий. Можаритар сайлов, ҳокимлар энди маҳаллий Кенгашларга раис бўлмаслиги каби кўплаб омиллар бунга сабаб бўлиши шубҳасиз. Бундай шароитда партиянинг сиз раҳбарлик қилаётган вилоят кенгаши сиёсий имтиҳонларга қай даражада тайёргарлик кўрмоқда?
- Тўғри таъкидладингиз. Бу йилги сайловлар янги меъёрлар асосида бўлиб ўтади ва албатта, ҳар бир сиёсий партияга катта масъулият юклайди. ЎзЛиДеП томонидан айнан сайлов йўналишида малака ошириш ва тажриба алмашиш учун Давлат бошқарув академияси ва партиянинг сиёсий кенгаши томонидан ҳам ходимларнинг сиёсий билимлари мунтазам ошириб борилмоқда. Бу албатта, жорий йилда бўладиган сайловларда ўзининг ижобий натижасини беради, деб ўйлайман.
Сайлов компаниясига тайёргарлик ҳар бир сиёсий партиянинг ўз ички сиёсати. Шундай экан, ўз фаолияти давомида бу йил бешинчи маротаба парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайловда қатнашадиган партиямизнинг барча тузилмалари бўлажак сиёсий имтиҳонга тайёргарликни қизғин давом эттирмоқда.
- Сайлов ҳақида гап кетаркан, табиийки, жараёнлар олдидан партиялар беихтиёр фаоллашади. Айтингчи, ана шу жўшқинликни сақлаб қолиш мумкинми?
- Партиялар сайлов пайтида фаоллашади, деган гап бир ёқлама деб ҳисоблайман. Сабаби, сайлов оддий ва содда қилиб айтадиган бўлсам ҳамма, яъни омма қатнашадиган, қисқа ва қизғин кечадиган жараёнлигини унутмаслик керак. Кўпчиликнинг назарида сайлов пайтидаги фаоллик кўринади, холос. Аслида партия ана шу қисқа ва қизғин кечадиган жараёнга бир неча йил тайёрланади. Ойлик, ҳафталик мақсадли режалар ишлайди. Ҳаммага етиб бориш учун турли лойиҳалар, тарғибот тадбирлари амалда бўлади. Сир бўлса ҳам айта қолай, партиямиз томонидан 80 дан ортиқ лойиҳа ҳар йили, турли қатлам ва тоифа вакиллари учун ўтказиб келинади. Бу лойиҳаларда иштирок этган минглаб юртдошларимиз партия дастури ва ғояси атрофида бирлашиб бормоқда. Партия фаолиятининг ичида бўлган киши буни яхши билади ва доимий жўшқин фаолиятга гувоҳ бўлади.
Жўшқинлик партия фаолиятидаги муҳим жиҳат. Уни доимо сақлаб туриш албатта мумкин ва муҳим. Нега мумкин эмас? Йиллар давомида партиянинг вилоятдаги фаолиятида амалиётда қўллаб ва имкон қадар фаолликни туширмай келяпмиз, деб ўйлайман. Айнан партиямизнинг дастурий ғоя ва мақсадлари давлатимиз раҳбарининг сайловолди дастурлари билан ҳамоҳанг бўлиб, бугунги кунда ЎзЛиДеП мазкур дастурлар ижросига қаттиқ киришган.
- Яқинда ўтказилган тадбирда партия етакчиларидан бири «биз сайлов вақти рақобатлашганимиз билан мақсадимиз бир, яъни ҳаммамиз вилоятни ривожлантириш, аҳоли турмуши фаровон бўлишини истаймиз», деди. Бу партия такчилари ҳам ўзаро рақобатга тайёр эмаслигини кўрсатмайдими?
Биргина сайловолди дастурлар ва электорат ўртасидаги фарқ улар масалалар ечимига турлича ёндашишини тақозо қилади-ку. Шунинг ўзиёқ рақобат сайловдан кейин ҳам давом этишини кўрсатмаяптими? Сизнинг фикрингиз?
- Бу фикр кимга тегишлилигини билмадиму, бироқ мамлакат тараққиёти ва фаровонлиги, аҳоли учун қулай шароит яратиш каби энг эзгу мақсадлар ҳар бир партия дастури ва ғоясида мавжуд. Фақат унга эришиш йўллари ҳар бир партияда турлича. Бу табиий. Партия дастурларини кузатиб бораётган зукко ва мушоҳадали ҳар бир инсон буни англайди. Рақобатга келсак, бу нафақат ғоя ва дастурлардаги фарқда, балки кундалик фаолиятда, мунозара майдонларида, қарашлар турличалигида ҳам яққол кўринади. Ўзи аслида нафақат партия, балки бугун рақобатга тайёр бўлмаган инсон бошқалардан ажралиб қолиши, рақобатга тайёр бўлмаган жамият бошқа жамиятлардан ажралиб қолиши, рақобатга тайёр бўлмаган ташкилот ҳам бошқа ташкилотлар соясида қолиб кетишини бугунги глобал замонамизнинг ўзи кўрсатиб турибди.
- Партиянинг сиз раҳбарлик қилаётган вилоят кенгаши, унинг депутатлари фаолиятини 10 баллик тизимда нечага баҳолайсиз?
- Қизиқ савол бўлди! Ўзимизга ўзимиз баҳо бериш ўрнига бошқалар берадиган баҳо муҳим эмасми? Қандай баҳога муносибликни ният ва мақсад қилиб, шундай баҳо даражасида ишлаётган бўсаккина бошқалардан шу баҳони кутсак тўғри бўлади, деб ўйлайман.
- Жамият ҳаётида ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун партия вилоят кенгашининг режалари қандай?
- Юқоридаги саволлар доирасида мақсад ва режаларимиз қисман бўлса-да баён қилинди, деб ўйлайман. Саволга жавобни умумлаштириб қисқа ва лўнда қилиб айтадиган бўлсак, Президентимизнинг «Одамларни рози қилиш» йўлидаги эзгу ғоя ва ҳаракатлари, қабул қилинаётган қонунлар, қарор ва фармонлар ҳамда шу йўлдаги барча эзгу ишлар фаолиятимизнинг бош дастуриламали бўлиб келмоқда ва шундай бўлиб қолади.
Юртимиз тараққиёти, юртдошларимизнинг бахтли ва фаровон яшаши учун зарур шароитларни яратиш, «Инсон қадри учун» тамойилини ҳаётга тўла татбиқ этиш, жамият барча соҳа ва йўналишларини ривожлантириш, юртимиздаги ҳар бир ватандошимиз билан битта мақсад атрофида бирлашиб, келажакка интилишимиз режаларимизнинг асосини ташкил этади. Шундай улуғвор режаларимиз ижроси учун, жамиятимиз фаровонлиги учун барча имкониятларимизни сафарбар этишга тайёрмиз.
Ё.Марқаев суҳбатлашди.