Депутат ташаббускор ва талабчан бўлиши керак

Олий Мажлис Сенати ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари учун ўқув семинар ташкил этилди.

Онлайн ташкил этилган машғулотлар аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида белгилаб берилган устувор вазифалар, унда вакиллик органларининг ўрни хусусида сўз юритилди.

Шундан сўнг Сенатнинг тегишли қўмитаси ҳамда юқори палата девонининг ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази вакиллари, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари маҳаллий Кенгашлар депутатлари мақоми, депутатлик фаолиятининг кафолатлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Мутахассислар, шунингдек, маҳаллий Кенгашлар, доимий комиссиялар, партия гуруҳлари ва депутатлар фаолиятини тўғри ва самарали ташкил этиш масалаларига тўхталди.

- Янги чақириққа аксарият депутатлар илк марта сайланганидан ташқари, янги давр, аниқроғи, янги тартиблар шароитида амалга оширилиши билан фарқ қилади, - дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Шерали Йўлдошев. – Мисол учун, семинар давомида маҳаллий бюджетни шакллантириш, унинг ижроси устидан самарали депутатлик назоратини амалга ошириш борасида маъруза тингланди.

Яшириб нима қилдик, аввалги шароитда вилоят ҳокими раҳбарлик қилган Кенгашга киритилган бюджет лойиҳаси тасдиқланган, назорати деярли қилинмаган. Кенгаш ижро ҳокимиятидан тўлиқ мустақил бўлган бир шароитда бюджетни нафақат тасдиқлаш, унинг ижроси қандай таъминланаётганига ҳам қарашимиз зарур.

Шу маънода бугунги ўқув вакиллик органлари олдига қўйилган мақсадларни амалга ошириш, улар фаолиятини самарали ташкил этиш, энг муҳими, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда депутатларнинг ўрнини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Икки кунга мўлжалланган семинар давомида маҳаллий Кенгашлар депутатларининг сайловчилар мурожаатлари билан ишлаши, сайлов округида фуқаролар қабулларини ташкил этиш бўйича маъруза тингланади.

Маҳаллий Кенгашлар фаолиятида рақамли технологиялар, қарорлар қабул қилишда қонунийликни таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинади.