Депутатлар ҳудудларда: Маҳаллалар ривожи ва аҳоли манфаати эътибор марказида

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳудудлардаги навбатдаги ўрганиш ишлари давом этмоқда. Унда маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар, аҳоли турмуш шароити, инфратузилма ва бандлик масалалари атрофлича ўрганилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдулла Асланов Самарқанд туманидаги “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” мақоми берилган “Оҳалик”, “Ўрташиқ” ва “Ўзбеккенти” маҳаллаларида бўлиб, аҳоли билан учрашувлар ўтказди. Учрашувлар давомида маҳаллаларда режалаштирилган ободонлаштириш ҳамда инфратузилмани ривожлантириш ишларининг бориши, шунингдек, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнлари ўрганилди. Аниқланган масалалар юзасидан иш самарадорлигини оширишга қаратилган таклиф ва тавсиялар берилди.

Шунингдек, Самарқанд тумани ҳокимлигининг иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига масъул ҳоким ўринбосарлари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда ҳудудларда амалга оширилиши лозим бўлган зарур вазифалар ҳамда 34-Самарқанд сайлов округидан келиб тушган мурожаатлар муҳокама қилинди. Жумладан, Мирзо Улуғбек маҳалласи ҳудудидаги 300 метр йўлга асфальт ётқизиш масаласи кўриб чиқилиб, уни жорий йилнинг март ойида тўлиқ амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.

А.Асланов Тойлоқ туманида ҳам бўлиб, туман ҳокими Беҳзод Рахматуллаев ҳамда халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари билан учрашди. Ўрай–Элипок маҳалласида чорвачиликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Учрашувларда маҳалла “еттилиги”нинг аҳоли турмуш шароитини яхшилашдаги ўрни ва аҳамияти алоҳида таъкидланди.

Нарпай туманида эса Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жасур Шодиев туман ҳокимининг ўринбосарлари билан биргаликда маҳалла “еттилиги” фаолияти билан танишди. “Қодир ота” қабристони ҳудудини кенгайтириш бўйича аҳолидан келиб тушган мурожаат ўрганилди.

Шунингдек, тадбиркор Муқаддас Рўзиеванинг тикувчилик йўналишидаги иши кўздан кечирилди. Қайд этилишича, мазкур тадбиркорлик фаолияти орқали 18 та янги иш ўрни яратилган. Депутат “Нарпай қулупнай” иссиқхонаси хусусий тадбиркорлик фаолияти билан танишиб, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаш муҳимлигига эътибор қаратди.

Бахт маҳалласида қурилаётган “Elegant Fiber Oktosh” тикувчилик фабрикаси қурилиши билан танишиш чоғида ушбу лойиҳа маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Азим Ҳаққулов,

Пўлат Иргашев.