Депутатлар халқ ичида: амалий мулоқот, ислоҳотларга дахлдорлик ва ташаббусларнинг ижроси

Сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг марказида инсон манфаати, унинг фаровонлиги ва ҳаёт сифатини ошириш масаласи турибди. Бу тамойил Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари фаолиятида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Депутатларнинг ҳудудларга амалий сафарлари, аҳоли, таълим ва тиббиёт ходимлари, маҳалла фаоллари билан учрашувлари – халқ вакилларининг жамият ҳаётидаги фаол иштирокига яққол мисолдир.

Барқарор тараққиёт асоси

Депутат Зебинисо Раҳманованинг Самарқанд давлат чет тиллар институти ва олий таълим тизими педагоглари билан учрашуви, экологик сиёсат ва халқаро ҳамкорлик масалаларига бағишланган семинари нафақат илмий мулоқот, балки амалий ечимларга йўналтирилган ташаббус сифатида баҳоланди. Тадбирда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик маданиятни шакллантириш ва педагоглар малакасини оширишга оид масалалар кенг ёритилди.

Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашиш, таълим тизимидаги шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича билдирилган фикрлар таълим муассасаларининг ички муҳитини ислоҳ қилишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Депутат Жасурбек Шодиев Нарпай ва Каттақўрғон туманларида маҳалла еттилиги, ёшлар ва тадбиркорлар билан учрашди. Ушбу учрашувлар давомида маҳаллалардаги ижтимоий-иқтисодий шароитлар, тадбиркорлик имкониятлари, ёшларни касбга йўналтириш ва уларни моддий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама этилди.

Халқ билан юзма-юз

34-Самарқанд сайлов округидан сайланган депутат Абдулло Аслоновнинг Тойлоқ ва Самарқанд туманларидаги маҳалла фаоллари билан учрашувлари маҳалланинг давлат бошқарувидаги ўрнини яна бир бор тасдиқлади. Учрашувларда инфратузилма муаммолари, спорт иншоотлари ва тиббиёт пункти қурилиши, йўл таъмири каби масалалар муҳокама қилинди ва уларни ҳал этиш бўйича аниқ чоралар белгилаб олинди.

Айниқса, жойларда ташаббус кўрсатаётган фуқаролар ва маҳалла фаоллари билан тўғридан-тўғри мулоқот, уларнинг муаммоларини тинглаш, ҳал қилиш учун масъул идоралар билан ҳамкорликда иш олиб борилиши депутат фаолиятининг самарадорлигини кўрсатмоқда.

Учрашувларда депутат маҳаллаларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, маҳаллий жамиятнинг фаоллигини ошириш, шунингдек, таълим соҳасидаги аҳвол ва муаммолар ҳақида ҳам фикр алмашди.

Умумхалқ ҳаракати шаклланмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Диёр Ҳусанов ва Шерзод Тўхташевнинг Паст Дарғом ва Нуробод туманларидаги коррупцияга қарши сайёр мажлислардаги иштироки халқ вакилларининг давлат бошқаруви тизимида шаффофликни таъминлашга қаратилган фаолиятини намоён этди.

БМТ резолюциялари доирасида Ўзбекистоннинг экологик ва ижтимоий ташаббуслари эътироф этилаётгани, миллий дастурлар асосида жойларда амалга оширилаётган ишлар натижаси ўлароқ, маҳаллий даражада ҳам фуқароларнинг ижтимоий ҳушёрлиги ортиб бораётгани кузатилмоқда.

Тиббиёт ва таълимдаги ислоҳотлар

Пайариқ туманида депутат Хусниддин Яркулов тиббиёт ва таълим ходимлари билан ўтказган учрашувда эътибор марказидаги масалалар – соҳаларда шаффофлик, хизмат сифатини ошириш, маиший коррупциянинг олдини олиш, соҳа ходимларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш билан боғлиқ бўлди.

Сўнгги йилларда устозларнинг моддий рағбатлантирилиши, ойлик маошларининг оширилиши, уй-жой масалаларининг ҳал этилаётгани – жамиятда таълимга нисбатан муносабат ўзгариб бораётганидан далолат беради.

Ургут туманидаги 1-сон политехникумда депутат Муҳсинжон Холмухамедов иштирокида ўтказилган давра суҳбатида таълим ислоҳотлари билан бирга, партия сафларига янги аъзолар қабул қилинди. Фаол педагогларга аъзолик гувоҳномалари тантанали топширилиши – партиянинг жойлардаги нуфузи ва таъсирини янада мустаҳкамламоқда.

Умуман, депутатларнинг ҳар бир учрашуви, ҳар бир мулоқоти орқали халқ муаммолари эшитилмоқда, ечимлар ишлаб чиқилмоқда. Бу табиийки, халқ ишончини оқлаш, амалий ислоҳотларга даҳлдорликни таъминлаш, “халқ депутат билан, депутат халқ билан” тамойили асосида давлат ва жамият ўртасида мустаҳкам кўприк яратишга хизмат қилмоқда.

Насиба МЎМИНОВА,

ЎзЛиДеП вилоят Кенгаши бўлим мудири.