“Динамо” Бирлашган Араб Амирликларида Россия, Қозоғистон, Тожикистон клублари билан ўртоқлик учрашуви ўтказади
Вадим Абрамов мураббийлигидаги вилоятимизнинг «Динамо» жамоаси жорий йилги Суперлига мавсумига тайёргарлик доирасида Бирлашган Араб Амирликларида дастлабки ўқув-машғулот йиғинини ўтказган эди.
Жамоа Абу-Даби ва Дубайда олиб борилган тайёргарлик жараёнида учта назорат учрашувида майдонга тушди. Кунига икки мартадан олиб борилган машғулотларда асосий эътибор футболчиларнинг жисмоний ҳолатини тиклашга қаратилди. Шунингдек, ўртоқлик учрашувларида жамоага янги қўшилган ўйинчилар синовдан ўтказилди.
«Динамо» сафар давомида Россия, Хорватия ва Жанубий Корея клубларига қарши майдонга тушиб, икки дуранг, бир мағлубият қайд этди.
– Тайёргарлик режага кўра давом этмоқда, – дейди «Динамо» жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов. – Клубга 10 нафардан зиёд маҳаллий ва хорижлик футболчилар жалб қилинган. Мавсум бошлангунча таркибимизга яна легионер ва маҳаллий клублардан футболчилар жалб қилинади.
Дарвоқе, Суперлига ўйинлари жорий йилнинг 7 мартидан старт олади ва бу йил ҳам мавсумни Наманганда «Навбаҳор»га қарши очилиш ўйини билан бошлаймиз. Лекин тақвим биз учун унчалик яхши дея олмайман. Чунки биринчи даврадаёқ кучли рақибларга қарши майдонга тушамиз. Тўғри, турнир давомида барча рақиблар билан ўйнаймиз. Лекин биринчи тўртта ўйиндан учтасини сафарда ўтказиш қийин бўлади. Ҳар қандай қийинчиликка қарамай, яхши тайёрланамиз ва курашамиз. Энг асосийси, Наманганда ўтган йилги учрашувдагидек ҳакамлар вазиятни нотўғри баҳолашмаса бас.
- Мақсадимиз ўтган йилгидан кўра катта натижаларга эришиб, мухлисларни хурсанд қилиш, - дейди “Динамо” жамоаси ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Анваржон Ҳожимирзаев. - Ўтган йили “Навбаҳор”га 3:1 ҳисобида мағлуб бўлгандик. Жорий мавсумни ғалаба билан бошлашни истаймиз ва бунинг учун жамоамизда иштиёқ икки карра юқори. Хусусан, ўзим мавсумни тўпурар сифатида якунлашни хоҳлайман. Ўтган йилда бу маррага озгина етмай қолганди. Шунинг учун қуръада ким тушишини аҳамияти йўқ, тўғри келган жамоа билан ўйнаймиз.
2-10 февраль кунлари «Динамо» мавсумга тайёргарликнинг иккинчи босқичида пойтахтда 10 кунлик ўқув-машғулот йиғини доирасида назорат баҳсида маҳаллий клублардан «Локомотив»га ютқазган бўлса, «Орол» билан дуранг ўйнади ва Тожикистонниннг «Регар ТадАЗ» жамоасини йирик ҳисобда мағлуб этди. Жамоа 12 февралдан мавсумга тайёргарликнинг сўнгги босқичини яна Бирлашган Араб Амирликларида ўтказади ва Россия, Қозоғистон, Тожикистон клубларига қарши ўртоқлик учрашувларини ўтказади.
Самарқанд клуби 15 февраль куни РПЛ етакчиларидан бири «Локомотив» Москва, 17 февраль куни Тожикистоннинг амалдаги чемпиони «Истиқлол» Душанбе, 20 февралда Қозоғистоннинг кўп карра чемпиони, ўтган мавсум Конференциялар лигаси иштирокчиси бўлган «Астана» клубига қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. 22 февраль кунги 4-ўртоқлик ўйинида яна «Локомотив» билан учрашув ўтказилиши режалаштирилган.