Домла Камолиддин Охун шукронаси

Шова узун сой. Фангатга тақалади. Йилнинг бир фасллари борки, кўрку чиройда бундан ўтар жой бўлмайди. Сой бошига қараб юргич йўлдан чап қўлда, кенг шаппатда қадим қабристон бор. Учи қуйруғини бечама кўз сезолмайди. Бийдай тақир. Йўғ-а, тепа бир ҳовучгина жой кўм-кўк. Узун ёз бу ерда қамишлар еллар сарсарига тебраниб туради. Худди шу жойда иккита қабр бор: бири домла Камолиддин Охунники; бири завжалари Фотима – Беватин момоники...

Шоваликлар қизиқ гап айтишди: домла қўйилмасидан бурун бу ерда ҳеч нарса йўқ экан... Қамиш кейин пайдо бўлган эмуш...

Домла Камолиддин Охун Олим ўғли (1865-1961) валий ўтган эканлар. Сағирлик билан катта бўлиб, иноят насиб этиб Бухоро мадрасаларида таълим олган эканлар. 

Домла Камолиддиндан амаки набираси Маҳмуд бобо ўз қулоғи билан мана бу ҳикояни эшитган экан:

“Мадрасани тамомлар чоғимизда катта синов бўлди. Унда Арабистондан, Маккаи Мукаррамадан олимлар иштирок этишди. 

Аркка бордик. Шу ерда арабистонлик олимлар мен билан алоҳида суҳбат қилишди ва сўнгида саройдан ҳолимга яраша иш таклиф этишди. 

Мен ростимни айтдим:  

- Саҳройи одамман. Ўз юртим маъқул, - дедим. Бу жавобим уларга маъқул келди, шекилли, Нурота беклигининг Жўш қишлоғига жўнатишди...

Домла 1904-1922 йилларгача – Бухоро амирлиги тугагунча Жўшда хизмат этиб, қолган умрини Шовада ўтказди.

Фаришта сифат экан: оппоқ, тоза кийимдаги оқ сариқ, сийрак соқол, қўй кўз, нурли юз инсон қиёфаси ҳали бор ҳали элда эсланади.

Илму урфони, валийлик сифатлари кўп ёдга олинади. Элдошлари ҳақларида фахру ғурур билан гапиришади. 

Жўш қишлоқ фуқаролар йиғинидаги Чиммос қишлоғилик мулла Хушбекдан ёзиб олинган тариқат силсиласига кўра, шажара Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) дан бошланиб 32-тартибда Мавлоно Камолиддин Шавоийга етган. Ушбу Нақшбандия тариқати шажараси Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи ҳожи Абдусатторда сақланади. Домла Камолиддинга берилган иршод хати эса Каттақўрғон туманидаги Андоқ қишлоғилик Абдужаббор Абдураҳмон Маҳмуд ўғлида. 

Домла Камолиддин хос шогирдлари:

- Ургутлик домла Шариф,

- Қори Вали,

- Баланд қишлоқлик Домла Исҳоқ,

- Андоқлик Абдураҳмон Маҳмуд эканлиги расман ҳақиқат эсада, ёзма иршод берилган – берилмаганлиги номаълум. 

Улардан ташқари Пайариқ тумани Челак қишлоғидан Домла Жўра, Хатирчининг Олтинсойидан Домла Муҳаммадсоли, Иштихоннинг Орлотидан Темурхон тўра, Қўшработнинг Пичотидан Мулла Облоқул Жиянбек ўғли, мойбулоқлик Эшони Шерхон тўралар ҳам тарбия ва дуоларини олишган.

У зотдан ёзма мерос борлиги айтилади, аммо топилган эмас. Ҳурматларига Самарқанд шаҳрида жоме масжид қурилган.

       ***

Шу зот бефарзанд ўтди. Аёли Буватин момо билан аҳилликда ўтган умрлари ҳам элу халққа овоза бўлиб қолди. 

Домла Камолиддин Фотима момони ҳурматлаб “Буватин” деб атаган. Маъноси “биби отин” дегани экан. Чунки бу аёл ўз даврида илми пеш, даражаси улуғ экан...

Элдош оқсоқолларми, бўйинсаларими – ҳар қалай яхши ниятли яқинлари Домланинг кўнглига қўл солишибди: 

- Домла, умри хаёл ўтаберади. Ёшингиз ҳам анча бўп қолди. Сизни яна уйлантирсак...

Домла кўп жим турибди. Кўзини ердан узмай, чўк тушиб, чуқур хаёлга кирибди. Анча ўтиб, бошини кўтарибдида:

- Қуллуқ яхшилар! Яратган фарзанд бераман деса менга шу аёлдан берар эди. Мен у билан ўтдим, бошқа оввора бўлманглар, – дебди...

Кенг майдонга ястаниб ётган яйдоқ қабристоннинг айнан бир буржидан кўкарган кўм-кўк қамишлар бежиз эмас. Ер юзи ҳикматга тўла.

Суюндик Нуротоий.