Дўстлик нигоҳи: бағрикенглик, аҳиллик ва тотувлик

Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида 30 июль - Халқлар дўстлиги куни муносабати билан шу мавзуда маърифий тадбир ўтказилди.

Унда вилоятимизда фаолият юритаётган миллий маданий марказлар вакиллари, ёзувчи, журналист ва ижодкорлар иштирок этди.

Тадбир аввалида “Халқ бахтини дўстликдан топади” мавзусидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик фотокўргазмаси ташкил этилди. Сўнгра вилоятимизда миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ғояларини тарғиб қилиш борасида олиб борилаётган ишлар, мазкур маданий марказлар ташкил этаётган турли тадбирлар, хайрли ишлар ҳақида сўз борди.

Самарқанд азалдан кўп миллатли шаҳар сифатида эътироф этилиб, аҳоли бир неча миллат вакилларининг дўстона, ўзаро ҳурмат муҳитида яшашга кўниккан, - деди шоир ва ёзувчи Фармон Тошев. - Шунинг учун бўлса керак, бу ерда урф-одат, анъаналар ҳам қоришиқ, бири бирини тўлдириб, уйғунлаштириб, авлоддан авлодга ўтиб бораверади.

Тадбирда Самарқанд халқаро технология университетида фаолият юритаётган ҳинд ва корейс миллатига мансуб профессорлар, миллий маданий марказ фаоллари, талаба ва ўқувчилар турли тилларда ўз ижод намуналарини намойиш этишди.
Тадбир якунида вилоят тожик ва тожикзабон миллий-маданий маркази ҳамда "Овози Самарқанд" газетаси томонидан "Ёш журналистлар" танлови ғолиблари ҳамда фаол иштирокчиларга ташаккурнома ва совғалар топширилди.