Довонда “ISUZU” юк автомобили ағдарилиб кетди
ИИВ ЙҲХББ ахборот хизматининг хабарига кўра, 2019 йил 28 декабрь куни, Наманган вилояти Поп тумани ҳудудидан ўтган “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлида 1994 йилда туғилган Д.О. “ISUZU” русумли юк автомобилини бошқараётиб, йўлни иккига ажратиб турувчи темир тўсиққа урилиб ағдарилган.
Шундан сўнг автомобиль қарама-қарши йўналишга ўтиб кетиб, қаршисидан ҳаракатланиб келаётган, 1993 йилда туғилган В.М. бошқарувидаги “Кобальт” русумли автомобили билан тўқнашув содир этган. Натижада “ISUZU” русумли автомобиль ҳайдовчиси Д.О. воқеа жойида ҳалок бўлган.
Маълумотларга кўра, ҳодиса “ISUZU” русумли автомобили ҳайдовчисининг хавфли бурилишда ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмаганлиги оқибатида содир бўлган.
ЙҲХББ ҳайдовчилардан тоғли довон йўлида ҳаракатланаётганда ўта ҳушёр ва “Йўл ҳаракати қоидалари”га қатъиян амал қилишни сўрамоқда.