Дунё бўйлаб коронавирус билан касалланганлар сони 13 миллиондан ошди

14 июль ҳолатига коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони дунё бўйлаб 13 миллиондан ошди.

Тақдим этилган сўнгги маълумотларга кўра, бугунги кунга қадар дунё бўйлаб 13 238 448 нафар коронавирус ҳолати аниқланган, 7 582 425 нафар бемор тузалган ва 571 574 ўлим ҳолати қайд этилган.

Энг кўп коронавирус ҳолати аниқланган давлат АҚШ бўлиб қолмоқда. У ерда бугунги кунга қадар 3 413 995 нафар коронавирус юқтирганлик ҳолати қайд этилган. АҚШдан кейинги ўринларни 1 866 176 нафар касалланиш ҳолати билан Бразилия ва 879 466 нафар касалланиш ҳолати билан Ҳиндистон банд этиб турибди.

3 июль куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг фавқулодда вазиятлар дастури директори Майкл Райан айрим мамлакатларда коронавирус билан касалланишнинг такрорий юқори нуқтаси кузатилаётгани, бироқ бу иккинчи тўлқин эмаслигини таъкидлади. Шу билан бирга, у иккинчи тўлқин умуман кузатилмаслиги мумкинлигини ҳам таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, сўнгги кунлардаги касалланиш сонининг ортиши - бу биринчи тўлқиннинг иккинчи юқори нуқтаси ва бундай ҳолатлар вирус етарли даражада йўқ қилинмаган мамлакатларда содир бўлмоқда.