Дунё хабарлари: Трампнинг одамлари Украина мухолифати билан яширин музокаралар олиб борган. Инсон мия ҳужайралари билан биокомпьютер яратилди

🔹 Исроилнинг Ғазога ҳужуми қурбонлари сони 48440 нафарга етди. Бу ҳақда Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди. ҲАМАС билан эришилган ўт очишни тўхтатиш ва асирлар алмашиш бўйича келишувларга қарамай, Исроил Ғазода сулҳни бузишда давом этмоқда, дейилади ҳисоботда. Оқ уй матбуот котиби Керолин Леавитт эса Вашингтон ҲАМАС билан музокаралар олиб бораётганини тасдиқлади.
🔹 Афина парламенти яқинида намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берди. Минглаб одамлар икки йил аввал 57 кишининг ҳаётига зомин бўлган поезд ҳалокати юзасидан холис тергов ўтказилишини талаб қилмоқда. Оломонни тарқатиш учун ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кўздан ёш оқизувчи газ ва гранаталардан фойдаланган.
🔹 Доналд Трампнинг яқинидаги тўрт киши Украина мухолифати билан яширин учрашувлар ўтказгани ҳақида хабарлар тарқалди. Музокаралар “Баткившчина” партияси етакчиси Юлия Тимошенко ва Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенконинг “Европа бирдамлиги” партиясининг нуфузли аъзолари билан бўлиб ўтган. Томонлар кенг қамровли тинчлик музокаралари бошланишидан олдин сайловларни ўтказиш имкониятини муҳокама қилишган.
🔹 Пентагон АҚШ Хитой билан божлар бўйича можаро шароитида урушга тайёр экани ҳақидаги баёноти қарама-қаршиликни келтириб чиқармоқда. Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Лин Цзян маълум қилди. "АҚШ расмийларининг тегишли баёнотлари атайлаб мафкуравий қарама-қаршилик қўзғатмоқда ва Хитой таҳдиди ҳақида шов-шув кўтармоқда. Хитойнинг позицияси аниқ ва изчил: бу тариф ёки савдо уруши, совуқ уруш ёки иссиқ уруш бўладими, ундан ҳеч нарса чиқмайди ва ғалаба қозониб бўлмайди", дейди у.
🔹 Исроил мудофаа кучларининг янги бошлиғи Еял Замир 2025 йил - Ғазо сектори ва Эронга қарши уруш йили бўлишини айтди. Исроил қуролли кучлари эътиборини бошқа жабҳаларга қаратишда давом этади, бироқ Ғазодаги ҲАМАС билан ва Эрон билан юзага келиши мумкин бўлган қарама-қаршилик устувор бўлиб қолади, дейди у. Аввалроқ Исроил 2025 йилда Эрон ядровий иншоотларига зарба бериш имконияти ҳақида хабар берган.
🔹 Трамп Вашингтон мерига шаҳардан уйсизлар чодирларини олиб ташлашни буюрди. Бундан ташқари, Трамп Мексика билан чегарадаги девор қурилишини 2029 йилгача якунламоқчи.
🔹 Япониядаги Toyota заводида портлаш оқибатида бир киши ҳалок бўлган, икки киши яраланган.
🔹 Қозоғистон ғарби кучли қор бўронларини ортда қолдирган бўлса-да, изғирин авжида. Фавқулодда вазиятлар ходимлари қорда тиқилиб қолган машиналарни олиб чиқмоқда. Ақтўбе вилоятида 30 дан ортиқ одам қутқарилган.
🔹 Парижда мода ҳафталиги ўтмоқда. Машҳур мода уйлари ва ривожланаётган дизайнерлар 2025/26 йилги куз-қиш коллекцияларини тақдим этиб, мавсум тенденцияларини белгилаш ҳаракатида.
🔹 Австралиялик олимлар инсон мия ҳужайралари билан биокомпьютер яратди. Компютер пойбзал қутисидек келади ва унинг ичидаги асосий жойни лабораторияда етиштирилган юз минглаб нейронларни ўз ичига олган чип эгаллайди. У касалликларни моделлаштириш, дори воситаларини синаб кўриш ва сунъий интеллектни яратиш учун ишлатилиши мумкин.