Дунёда энг кучли смартфон ишлаб чиқарилди
Asus компанияси ROG Phone3 геймерлар (компьютер ўйинлари ишқибозлари) смартфонини тақдим этди. Ускуна юқори самарали Qualcomm процессори билан таъминланди. Бу ҳақда GSMArena нашри хабар берди.
Смартфон 6,59 дюмли, 2340 x 1080 пиксел ўлчамли AMOLED экрани ва 144 герц максимал янгиланиш тезлиги билан чиқарилди. Ускуна Snapdragon 865+ чипи ва 16 гигабайтгача бўлган тезкор хотирага (PAM) эга. Шу сабабдан ҳам у айни вақтда дунёдаги энг кучли смартфон сифатида эътироф этилмоқда. Қурилма UFS 3.1. стандартидаги 512 гигабайтгача бўлган ички хотира билан жиҳозланган.
Қурилманинг орқа томонида 64,13 ва 5 мегапикселли 8К-видео олиш имкониятига эга учтали камера ўрнатилган. ROG Phone3 6000 миллиампер-соат сиғимли 30 ватт тезкор қувватлаш имконига эга аккумлятор билан жиҳозланган.
Ишлаб чиқарувчиларнинг сўзларига кўра, ҳар бир фойдаланувчи смартфонни ўзининг эҳтиёжларига қараб созлаб олиш имконига эга.
Девайснинг 8 гигабайтлик тезкор хотира ва 256 гигабайтлик ички хотирага эга бўлган модификацияси 800 евро миқдорида баҳоланмоқда. 12 гигабайт тезкор хотира ва 512 гигабайт ички хотирага эга модификациянинг баҳоси эса 1100 евро.