Дунёни чиройли либосларда кўрадиган қиз
Тикувчи, иккинчи гуруҳ ногирони Малоҳат Бердиева ҳақида сўз
Ёш эру хотинга шу исм маъқул келди. Қизалоғини Малоҳат деб атадилар. Биринчи фарзандининг кулишлари, ёқимли қилиқлари уларни беҳад суюнтирар, уйларига файз киритар, ўзларининг ушалмаган орзуларини шу қизимиз амалга оширади, деб ширин хаёллар суришарди.
Отаси Мамарасул Бердиев трактор ҳайдарди, тўрт мавсум ҳам иши тугамайдиган пахта далаларидан чиқмасди. Онаси Саодат ҳам хўжаликда ишлайди. Ҳамма ўз иши билан банд, аммо кунлар, ойлар, йиллар ўтган сайин, Малоҳатнинг ўсишида муаммолар сезила бошлади. Тенгдошларидан бўйи фарқ қиларди. Шифокорлар бу касалликни даволаш кераклигини, тез-тез Тошкентга бориб, етук мутахассислардан муолажа олишни тавсия қилишди. Тошкентдаги дўхтирлар касалликнинг сабабини ҳам аниқ айтишди. Пахтага сепиладиган ўта заҳарли дорининг таъсири экан бу. Мамарасул тракторида пахтазор оралаб, ўша оғуни гектарлаб далаларга сепган. Ҳамма қатори арзимас иш ҳақи олган...
Тошкентга ҳадеб қатнайвериш, қимматбаҳо дори-дармонлар сотиб олиш керак эди. Нима бўлса ҳам, Малоҳатни даволатиш керак эди. Тошкентдан уй топиш ҳам, ижара ҳақи ҳам оддий колхозчиларга қимматлик қиларди. Ҳар ҳолда Тошкентга яқинроқ, деб Жиззахга кўчиб боришга қарор қилишди. Билимдон шифокорлар албатта Малоҳатни даволашади, қолган барча қийинчиликларга чидаймиз, деб қарор қилишди.
Ўша пайтда Малоҳат тўққиз ёшда эди. Умид ва илтижоларга тўла тўққиз йил жуда тез ўтиб кетди, бироқ ҳеч нима ўзгармади. Малоҳат ўн саккиз ёшга тўлган бўлса ҳам, бўйи, жуссаси тўрт беш ёшли қизалоқларникидек эди. Тошкентга яқин бориш ҳам натижа бермагач, яна ўзларининг юрти – Иштихон тумани, Чағатой маҳалласидаги Ноғолчи қишлоғига қайтиб келишди.
Малоҳат мактаб ёшига етганида, отаси қишлоғидаги мактабга олиб борди. Қизчани кўрган мактаб директори, қабул қилмади, махсус мактабга топширинг, деди. Иккита мактаб интернатни тавсия қилишди. Қизини оиласидан узоққа юборгиси келмади, ўзим ўқитаман, деди отаси.
Ҳар куни сумка кўтариб, мактабга кетаётган тенгдошларини деразадан, эшикдан кузатаётган қиз ўксинар, кўзлари ёшга тўларди. Тушларига мактаб кирарди... Уйда онаси “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасини, отаси “Фан ва турмуш” журналини ўқиб берарди.
- Она, бирор жойини қолдирмадингизми, қўл билан кўрсатиб ўқинг, дерди. Мана бу ерга нима ёзилган?
- Манзили, адади, муҳаррири ёзилган.
- Униям ўқинг, - дерди, Малоҳат. Қоғозларда мўъжиза борлигига ишонарди.
Сингиллари мактабга боргач, уйга келибоқ, қайси фандан нимани ўрганган бўлса, опаси Малоҳатга ҳисобот берарди. Изланувчан, тиришқоқ қиз шу тарзда саводини ҳам чиқариб олди ва энди почтадан келадиган газета, журналларни битта қолдирмай, ўқиб чиқадиган бўлди. Мактаб кутубхонасидан фақат битта китоб бераркан, кичкина китобларни тезда ўқиб тугатгач, бу гал семизроғидан олиб келинглар, дерди. Отаси туман марказидаги китоб магазинидан китоб опкеларди-да, ўқиб, мазмунини айтиб берганга беш сўм пул мукофоти берарди. Албатта, мукофот Малоҳатга насиб этарди. У мукофот пулини отасига қайтариб, бериб, яна янги китоблар олиб келишини сўрарди.
У китоблардаги ижобий қаҳрамонларга ишонарди. Кун келиб, ўзининг қўлидан ҳам иш келишига, одамларнинг ҳожатини чиқара олишига ишонарди. Онасининг кўрпаларини сўтиб, маҳалласининг қизларига чиройли фартуклар тикиб берарди. Онасидан гап ҳам эшитарди. Тикув машинаси, янги матолари бўлишини орзу қиларди, ҳаммага чиройли кийимлар тикиб бергиси келарди. Негаки, ўқиган китоблари уни гўзал орзулар оламига олиб келарди. Учмоқ учун қанотлар ваъда қиларди, юрагига шиддат, вужудига куч берарди. Энг муҳими, китоблар уни бўйинг паст, деб камситмасди. Худди тенгдоши каби дўст, сирдош, онаси каби меҳрибон бўлиб суҳбатлашарди. Китоб ўқиганда қайғуларини, ўкинишларини, ўзини ўкситганларни унутарди. Ҳамма қатори инсонга айланарди, китоблардан куч оларди. Шеърлар ўқиб, завқланарди:
Биз билмаган жумбоқларга дуч қилар ҳаёт,
Орзуларни сароб мисол пуч қилар ҳаёт.
Жумбоқларни, саробларни енгиб яшаган
Одамларга курашмоққа куч берар ҳаёт, десалар ишонарди.
Малоҳат тикувчиликни ўрганди. Бўйи етмаган жойларга ақли етди. Ўлчам олишга қийналган чоғларда чора топди. Бўйлари узун, сулув санамларни суюнтирадиган кийимлар тикди. Тикув машинасига зўрға бўйи етгани сабаб, стулга ўтириб тикиш қилолмаса ҳам, тик туриб кийимлар тикди. Меҳнатим оғир деб нолимади, иши борлигига, одамларга фойдаси тегаётганига шукур қилди.
Икки йил аввал, ташкилотчи, тадбиркор аёл Гулобод Номозованинг “Ногирон аёллар” уюшмасини тузганини эшитиб, Самарқанд шаҳрига келди. Гулобод бағрикенг, меҳрибон аёл экан, ўзи каби китобларга кўнгил қўйган инсон, ажойиб шеърлар ижодкори ҳам экан. У Малоҳатни яхшилаб тинглади. Малоҳат уйда ўтириб, буюртмалар олса ҳам бўларди, аммо жамоат бўлиб ишлашни, иши бор одамлар сафида бўлишни бир умр истаганини айтиб берди. Мактаб директори, кичкинасан, деб, ўқишга қабул қилмаганини ҳам айтди. Гулобод уни тушунди ва ногирон аёллар учун очилган ишхонага таклиф қилди. Малоҳат ўзи каби қизлар сафида меҳнат қилмоқда, уларнинг ичида обрўси бор, бунинг устига корхонанинг энг чевар тикувчиси, буюртмалари кўплигидан, хушмуомалалигидан унга навбатлар узун.
Ота-онасидан тез-тез хабар олиб туради. Оиласидаги ҳамма маъракаларга бош-қош. Икки ука ва учала сингиллари унинг маслаҳатини олишади, гапидан чиқмайди, ишлаб топганининг баракаси бор, асосийси, ҳеч кимга муҳтож эмас.
Яқинда “катта”нинг қабулига борди. Саховатпешалигини, ёрдамини аямаслигини эшитиб, билиб борди. Кам таъминланганлар учун қурилаётган уй олмоқчиман, деди. “Катта” унга ёрдам бериш ниятида, мен сизни “Саховат уйи”га жойлаб қўяман, деди.
Малоҳатнинг кўзларидан ёш тирқираб кетди. Бутун умр (ёши элликда) ҳамма қатори яшашга, ишлашга ҳаракат қилганлари, ногиронлигини енгишга ҳаракат қилганлари қаёққа кетди? Ҳали пенсия ёшида эмас-ку, ишлаб турибди-ку. Балки кўнгли бутунлар “Саховат уйи”га бормайман, деб, кулиб қўя қолар. Аммо кўнгли ярим бўлса ҳам, орзулари бутун аёлни бу сўзлар йиғлатди. Мустақил яшамоқчи эди. Озроқ қўллаб юборишса, топганларини қўшиб, ўз уйига эга бўлмоқчи эди.
Малоҳат фақат кўйлаклар эмас, устки кийимлар ҳам тикади. Урфга кирган кийимларнинг ҳаммасини тикишга ҳаракат қилади. Бошда айтганимиздек, тик туриб ишлайди. Орзуларига етмай, қўймади. Дунёни чиройли либосларда кўргиси келади. Дунё бунча чиройли, дейди.
Малоҳат билан суҳбатлашар эканман, унинг жасоратига, ҳаётга бўлган муҳаббатига, ўз касбига қизиқишига, янги-янги режалар тузишига ҳайрон қолдим. Ҳаётдан нолиб юрган тўрт мучаси соғларга унинг ҳаётини ибрат қилиб кўрсатгим келди. Кўнгил тоза, орзуларга тўла бўлса, билакларингга куч инар экан, бўйларингга бўй қўшилар экан. Ҳасратларга енгилганларга Малоҳат ўз фалсафасини айтгиси келади:
О, нега дунёдан нолиймиз, гоҳо,
Минг шодлик ичра бир чексак сал жафо.
Кундуздан нолиймиз, тундан нолиймиз,
Аслида дунёмас, бизлар бевафо.
Хосият Бобомуродова.