Дунёнинг энг чиройли кўприклари

Архитектор ва дизайнерлар бир-бирлари билан рақобат қилишни яхши кўришади. Шунинг учун дунёда кишиларни мафтун қолдирадиган жуда кўп бино, иншоот ва кўприклар пайдо бўлган. Баъзи кўприклар бир неча ой ичида, бошқалари эса ўнлаб йиллар давомида қуриб битказилган. Қурилиш муддатига қарамай, бу архитектура дурдоналари ўзларининг салобати билан кишиларни ҳайратда қолдиради. Бугун сизни дунёдаги энг ажойиб кўприк иншоотлари бўйлаб саёҳатга таклиф этамиз.

Helix кўприги. Марина-Бей, Сингапур

Сингапур ҳақли равишда замонавий архитектураси билан фахрланади. Бу ерга ташриф буюрганингизда албатта пўлат ва шишадан ясалган, кечаю-кундуз ярқираб турадиган Helix кўпригини кўришингиз керак. Кўк электр чироқлари кўприкни айниқса кечқурунлари чиройли тарзда ёритади.

Тауэр кўприги. Лондон, Англия

Лондонда ташриф буюришга арзийдиган кўплаб диққатга сазовор жойлар бор. Бу шаҳар нафақат тарихий бинолари, балки аксарияти санъат асарлари ҳисобланадиган кўп сонли кўприклари билан ҳам машҳур. Шаҳар Темза дарёсида яратилган ва қурилганлиги сабабли Лондонда жуда кўп кўприклар мавжуд. Шаҳарнинг асосий фахри эса Лондоннинг асосий рамзларидан бири бўлмиш – Тауэр кўпригидир.

Пон-Дю-Гар. Гар-Ривер, Франция

Францияни биринчи навбатда тарихга қизиқувчилар яхши кўради. Бу ерда сиз дунёнинг бошқа ҳеч бир давлатида топилмайдиган фантастик қалъалар ва саройларни топишингиз мумкин. Гардон дарёсида қадимий римликлар томонидан 2000 йил олдин қурилган Пон-Дю-Гар деб номланадиган дунёдаги энг ажойиб кўприкларидан бири бор. Унинг узунлиги 275, баландлиги эса 47 метр. Ушбу кўприк қадим замонларда қадимий Нима шаҳрини сув билан таъминлашда хизмат қилган. Иншоот Юзес шаҳридан Нимага олиб борадиган 50 километр узунликдаги сув қувурининг бир қисми бўлиб, бу сув канали орқали шаҳарга ҳар куни 22 миллион 730 минг литр сув етказиб берилган.

Риальто кўприги. Венеция, Италия

Венецияни кўп сонли кўприкларсиз тасаввур қилиб бўлмайди, чунки бу шаҳар бутунлай сув устида қурилган. Ушбу аҳолиси зич жойлашган шаҳар бўйлаб автомобиллар ўрнига “гондол қайиқлари” ҳаракатланади, улар ёрдамида сиз кўприк иншоотлари ва умуман шаҳардаги барча биноларнинг ажойиб архитектурасидан баҳраманд бўлишингиз мумкин. Риальто кўпригини ўз-ўзидан ўтказиб юбориб ёки шунчаки эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Бу қурилманинг ўзига хос ва бетакрор меъморчилигидан ҳайратда қоласиз ва у хотирангизда абадий муҳрланади.

Бруклин кўприги. Нью-Йорк, АҚШ

Нью-Йорк ҳеч қачон сайёҳларни ҳайратда қолдиришдан тўхтамайди. Кўп сонли осмонўпар биноларига қўшимча равишда шаҳар бутун дунёда ўзининг кўприги билан ҳам машҳур. Кўприк Жон Рёблинг томонидан ишлаб чиқилган, бу Америкадаги энг қадимги осма кўприкларидан биридир. У Бруклин ва Манхеттенни боғлайди ва кўплаб Голливуд фильмлари туфайли бутун шаҳарнинг рамзига айланган. Афсуски, яратувчиси унинг қурилиши тугашидан олдин вафот этди ва кўприк 1883 йил 24 майда очилган. Қурилиш жараёнини унинг ўғли давом эттирган.

Олтин дарвоза кўприги. Сан-Франциско, АҚШ

Сан-Францискодаги бу кўприк ҳам очилиш чоғиданоқ (1937 йил, 27 май) шаҳар рамзига айланган. Олтин дарвоза кўприги бутун дунёдаги фотосуратчиларни ўзига жалб қилади. Қизғиш ранги туфайли уни осонгина таниб олиш мумкин. Узунлиги 2737 метр, структуравий оғирлиги 8,904 минг 500 тоннани ташкил қиладиган бу кўприк денгиздан 60 метр баландликда жойлашган.

***

Бу кўприклар албатта дунёда жойлашган барча қурилмаларнинг тўлиқ рўйхати эмас. Дунёда айтиб ўтишга арзийдиган яна кўплаб ажойиб кўприклар мавжуд. Кейинги мақолаларимизда бошқа ақл бовар қилмайдиган даражадаги гўзал архитектура иншоотлари ҳақида ёзамиз.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.