ДХХ ижтимоий тармоқда чегарачи аскар ва фуқаро ўртасидаги можаро тасвирланган видеога муносабат билдирди
Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани чегара ҳудудида чегарачи аскар билан фуқаронинг ўзаро баҳслашганлиги акс этган видео интернетда тарқалди. Бу ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлиги хизмати изоҳ берди.
Маълум қилинишича, 9 август куни Янгиқўрғон туманининг «Мамай» МФЙ чегараолди ҳудудида ДХХ Чегара қўшинлари чегара наряди ўз хизмат фаолиятини олиб бораётган вақтда, ҳудудда истиқомат қилувчи маҳаллий фуқаро Ж.У.га дуч келади.
Маҳаллий аҳоли ва чегарачилар ўртасида сунъий келишмовчиликни келтириб чиқариш мақсадида, Ж.У. чегара нарядига нисбатан турли туҳмат ва бўҳтонларни билдириб, ўзининг уяли алоқа воситасига тасвирга олади.
Таъкидланишича, мазкур ҳудудда чегара бузувчилар томонидан бир неча бор қонун бузилиш ҳолатлари амалга оширилиб, ноқонуний равишда наркотик ва контрабанда воситаларини олиб ўтишга ҳаракат қилинган. Бу барча ҳолатларнинг олди олиниб, қонунбузарлар тегишли тартибда жавобгарликка тортилган. Шу боис, ушбу йўналишлар чегара нарядлари томонидан мунтазам тарзда назорат қилиб борилади.
Қолаверса, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида»ги қонунининг 39-моддасида ДХХ Чегара қўшинлари жойларнинг ҳар қандай участкаларида чегара нарядларини жойлаштириш ҳамда ҳаракат қилиш, транспорт воситаларини чегара нарядлари билан кузатиб бориш, транспорт воситаларини белгиланган тартибда кўздан кечириш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган.
Тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушбу фуқаро билан суҳбат ўтказилган, ўзининг амалга оширган хатти-ҳаракати нотўғри эканлигини ва пушаймонлигини билдирган. Ҳозирги вақтда ушбу фуқарога нисбатан содир этган қилмиши учун белгиланган тартибда чора кўриш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинган.