ДХХ: Тожикистон ва Афғонистондан контрабанда йўли билан олиб келинган 78 кг. гиёҳвандлик воситаси аниқланди
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Ургут туманида ўтказилган тезкор тадбирда, гиёҳвандлик воситалари контрабандаси билан шуғулланувчи бир нафар Тожикистон ва олти нафар Ўзбекистон фуқароларидан иборат жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилган.
Тезкор тадбир давомида, гуруҳ аъзоларидан Тожикистондан айланма йўллар орқали олиб келинган 11,5 кг. “опий” моддаси расмийлаштириб олинган. Шунингдек, улардан 2600 АҚШ доллари, 12,6 млн. сўм ва 850 сомони ҳам ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган. Аниқланишича, улар ушбу наркотикни Ўзбекистонда сотишни режалаштиришган.
Жиноий гуруҳнинг Ургут туманида яшовчи 6 нафар аъзосидан 2 нафари муқаддам айнан гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноятлари учун судланган шахслар ҳисобланади.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан божхона органлари билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ҳам тезкор тадбирда ўтказилган. Қозоғистон фуқароси тўхтатилиб, унинг юк сумкаси кўздан кечирилганда сумка ичида 46,7 кг. “гашиш” моддаси борлиги аниқланган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг жиноий шериги бўлган, 1976 й.т. Тожикистон фуқароси ҳамда ҳайдовчилик фаолияти билан шуғулланувчи, 1964 й.т. Ўзбекистон фуқароси ҳам ушланган. Аниқланишича, мазкур гиёҳвандлик воситаси Афғонистондан контрабанда йўли билан олиб келинган.
Бу йўналишда Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам тезкор тадбир ўтказган.
Тошкент-Фарғона йўналишида ҳаракатланаётган “Жентра” автомашинаси Поп туманидаги ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Натижада, Марғилон шаҳрида яшовчи, 1996 ва 2001 йилларда туғилган ака-ука кетаётган автомашина салонида 19,8 кг. “гашиш” моддаси борлиги маълум бўлган.
Шунингдек, ака-уканинг жиноий шериги бўлган ва бошқа автомашинада уларни кузатиб бораётган, Марғилон шаҳрида яшовчи, 1998 й.т. шахс ҳам қўлга олинган.
Терговга қадар текширув давомида, улар муқаддам тожикистонлик наркокуръерлар томонидан Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетилган наркотик моддаларни олиб кетаётганликлари маълум бўлган.
Ҳозирда учала ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.