Элда эъзоз топган олим

Президентимизнинг “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарорида мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш кунини кенг нишонлаш, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг хотирасини абадийлаштириш, орамиздаги барча фахрийларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга алоҳида тўхталиб ўтилган.
Ушбу қарор ижроси доирасида Самарқанд давлат университетида фаолият олиб борган Қўйли Очилов номи ҳам бугун хотирланмоқда. Зеро, олим фахрийлар ичида ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлган инсонлардан эди.
Домла 1943 йил 8 майда Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани, Чим қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетини битириб, 1985 йилда Москва давлат университетида “Қоракўл қўйларида ирсий асосланган белгиларнинг намоён бўлиши” мавзусида диссертация ҳимоя қилди. Бу билан биология фанлари номзоди илмий даражасини олди.
Қ.Очилов 1992 йилда катта илмий ходим сифатида изланишлар олиб борди. 100 дан ортиқ илмий мақолалар ёзди ва нашрдан чиқди. Шу билан бирга, 3 та монография ва кўплаб ўқув-услубий ишланмалар яратди.
Қўйли Долиевич қаерда ишламасин, ўз атрофига истеъдодли ёшларни тўплаб, уларга ғамхўрлик кўрсатган ва яқиндан ёрдам берган. Буни у киши билан ёнма-ён ишлаган ҳамкасблари жуда кўп бор такрорлашади.
Университет экология кафедраси етакчи профессор-ўқитувчиларидан бўлган Қўйли Очиловнинг бакалавриат ва магистратура курслари талабаларига ўқиган маьрузалари янги ғоялар, инновацион технологияларга бойлиги билан ажралиб турар эди. Домла умрининг сўнгги йилларида фуқароларни ўз-ўзини бошқариш органлари кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ҳам кўплаб ибратли ишларни амалга оширди. Шу сабабли Қўйли Долиевични бутун маҳалласида, университетдаги барча ҳурмат билан хотирлашади.
Б.Файзуллаев,
СамДУ доценти.
С.Суяров,
кафедра доктаранти.