Электр тармоғи хўжалиги объектлари қатъий муҳофаза қилинади

– Суғорилмайдиган ер майдонининг 30 сотихида деҳқон хўжалиги ташкил этганман. Уч йилдан буён фаолият юритиб, ердан маҳсулот оляпман, солиқларни тўлаб келяпман. Шу ҳудудда катта электр трансформатори бор. Туман электр тармоқлари корхонаси ходимлари "Отахон, энди экинни суғоришда ерни кўллатиб юборманг, дарахт экманг.  Акс ҳолда жарима тўлашингизга тўғри келади", деди. Шу ростми?

Абдураим МУРОДУЛЛАЕВ,

Нарпай тумани.

– 2018 йил 28 январда Вазирлар Маҳкамасининг "Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, ихтиёрида электр тармоғи хўжалиги объектлари бўлган корхонанинг ёзма розилигисиз электр тармоғи хўжалиги объектларининг муҳофаза зоналари доирасида сиз каби юридик ва жисмоний шахслар дарахт ва буталарни экиш, кесиш ҳамда 0,3 метрдан, шудгорланадиган ерларда эса 0,45 метрдан ортиқ чуқурликда қазиш ишларини амалга ошириш, тупроқни текислашга рухсат берилмайди.

Шунингдек, бундай ҳудудда ҳар қандай бино ва иншоотларни қуриш, таъмирлаш, бузиш, ҳар қандай турдаги кон, портлатиш, мелиорация, шу жумладан, ерга вақтинчалик сув бостириш билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, сув ҳавзаси тубини чуқурлаштириш, тупроқни кавлаб олиш ва ортиш-тушириш ишлари, балиқ ва бошқа сув жониворларини сув ости чангаклари билан тутиш, сув ўсимликларини чиқариб олиш, агар сув оқими баландлиги 3 метрдан ортиқ бўлиши мумкин бўлса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини суғориш тақиқланади.

 Акрам БОБОЕВ,

"Ўздавэнергоназорат" инспекцияси Самарқанд ҳудудий бўлими катта инспектори.