Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ташкил этилди
Президентнинг "Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори билан Энергетика вазирлиги ҳузурида давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган 357 штат бирлигидан иборат Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (Ўзэнергоинспекция) ташкил этилди.
Қуйидагилар Ўзэнергоинспекция фаолиятининг устувор йўналишлари ҳисобланади:
- юридик ва жисмоний шахслар томонидан (аҳолидан ташқари) ёқилғи-энергия ресурсларини ишлаб чиқариш (қазиб чиқариш), қайта ишлаш, узатиш (ташиш), тақсимлаш ва истеъмол қилиш, уларнинг сифат ва миқдор жиҳатидан сақланишини таъминлаш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
- электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, ёқилғи-энергия ресурсларини талон-торож қилиш ва ноқонуний истеъмол қилишнинг бошқа ҳолатларини, шунингдек, уларни содир этишга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш;
- бевосита истеъмолчилар томонидан фойдаланилган ҳамда тегишли ҳудудлар чегарасидаги тармоқларга етказиб берилган ёқилғи-энергия ресурслари ҳажми ўртасидаги тафовутларни аниқлаш ва бартараф этиш;
- юридик ва жисмоний шахслар томонидан (аҳолидан ташқари) энергетика объектларида бахтсиз ҳодисалар ва технологик бузилишлар (авариялар)нинг олдини олиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилиши ва унинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш;
- қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ҳамда энергия самарадор ва энергия тежовчи замонавий технологияларни жорий қилиш, шунингдек, энергия ресурсларини истеъмол қилиш самарадорлигининг мониторингини олиб бориш;
- ёқилғи-энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича истеъмолчилар (аҳолидан ташқари) томонидан бажариладиган чора-тадбирларнинг энергия самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, маҳсулот бирлигини ишлаб чиқариш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) учун ёқилғи-энергия ресурслари истеъмолининг меъёрлари бажарилиши ва келгусида такомиллаштирилиши устидан назоратни амалга ошириш.