Толибон Афғонистонда қазиб олинган нефтнинг биринчи савдосини эълон қилди

Бу ҳақда «Толибон» кончилик ва нефть вазирлиги маълум қилди.

Сешанба куни кончилик ва нефть вазири вазифасини бажарувчи Шаҳобиддин Делавер иштирокида 20 минг тонна Қашқар нефти ва 7 минг тонна Ангут нефтини сотиш бўйича тендер бўлиб ўтди, деб хабар қилди агентлик матбуот маркази. Қайд этилишича, ким ошди савдоси вазирликнинг Кобулдаги биносида бўлиб ўтган.

«Афғонистонда қазиб олинган нефть бўйича биринчи савдонинг гувоҳи бўлаяпмиз ва аризачи компаниялар ҳам мамлакат ичида жойлашгани, барча хом ашёни қайта ишлаш Афғонистон ичида амалга оширилиши бизни ғурурга тўлдиради», деган вазир вазифасини бажарувчи.

5 январь куни Толибон кон ва нефть вазири ва Хитойнинг CAPEIC нефть, газ компанияси вакили мамлакат шимолидаги нефть конларини ўзлаштириш бўйича шартнома имзолаган.

«Шартнома бўйича Хитой компаниясига берилган конларнинг майдони 4,5 минг квадрат километрни ташкил этади, улар мамлакатнинг учта вилояти: Сирпул, Жаузжон ва Фарёбда жойлашган», — дейилади Бахтар давлат ахборот агентлиги хабарида.