“Электрон поликлиника" дастури: Фуқаролар ўзла­ри учун қулай вақтда уйидан чиқмасдан шифокор қа­булига ёзилиши мумкин

Оҳангаронлик Ойбек Тўйчиев узоқ изланишлардан сўнг ушбу дастурни ишлаб чиқди. Бу электрон тизим мамлакатимизда яратилган мазкур йўналишдаги илк маҳаллий ишлан­мадир.

Шифокор қабулига ёзилиш учун вақт ажратиш, ўқиш ёки ишдан қолиб, клиникага бориш, мутахассисни танлаш ва шифокор қабулига кириш учун навбатга купон олиш талаб этилади. Бунинг учун кўпинча турнақатор навбат кутишга тўғри келади, бу эса кўп вақтни олади. Ана шундай оворагарчиликлар сабаб кўпчилик шифохоналарга боришни хоҳламайди.

Бу каби муаммоларга ечим топиш, тиббий хиз­мат сифати ва самарадорлигини ошириш, ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш, соҳани рақамлаштириш мақсадида мамлакатимиз тиббиёт муассасаларида “Электрон поликлиника” тизими жо­рий этилмоқда.

Хўш, бу дастур қандай ишлайди ва у қандай афзалликларга эга?

Ишлаб чиқилган ягона электрон рўйхатга олиш ва шифокор қабулига ёзилишнинг ахборот тизими — “Электрон поликлиника” шифокор қабулига кириш учун узоқ вақт навбат кутиб туришдан халос этиши билан аҳамиятли. Унинг ёрдамида фуқаролар ўзлари учун қулай вақтда уйидан чиқмасдан шифокор қа­булига ёзилиши, шифокор ва муассаса ҳақида маъ­лумот олиши мумкин. Бу поликлиникаларга онлайн тарзда маълумотларни қайд этиш, оилавий поликли­никаларда ягона электрон амбулатор тиббий картани юритиш имконини беради.

— Мазкур дастур онлайн режимда ишлайди, — дейди лойиҳа муаллифи О.Тўйчиев. — Унда тиббиёт муассасаларининг жойлашуви, шифокорлар­нинг исм-фамилияси, мутахассислиги, ишлаш вақти ва бошқа кўрсаткичлар акс этади. Телефонга ўрна­тилган электрон дастур орқали бемор шифохонани, ўзини безовта қилаётган касалликдан келиб чиқиб, тегишли шифокорлардан бирини танлаши ва ўзига қулай вақтни белгилаб, унинг қабулига ёзилиши мум­кин. Натижада беморлар шифохонага келиб, навбат кутиб қолмайди. Белгиланган пайтда шифокор кўри­гидан ўтади.

Ушбу тизим ўта қулай. Бунда тиббиёт муассасасида рўйхатдан ўтиш бўлимида POS принтер, ҳар бир шифокор хонасида компьютер, электрон навбатларни кузатиб бориш учун электрон табло, тиббиёт ҳисоботлари ҳамда маълумотномаларини чиқариш учун принтер ускунаси бўлиши керак. Компьютерлар­нинг ҳар бири маҳаллий ҳисоблаш тармоғига улангани онлайн режимда навбатга ёзилаётганларнинг маълу­мотларини кузатиб бориш имконини беради.

Тиббиёт муассасасида ягона электрон тизим бўлгани учун шифокорнинг компьютерида бемор ҳақида маълумотлар ва унинг электрон навбати чиқиб туради. Кўрик тугагандан сўнг бемор қабулхонага келиб, тайинланган дори-дармонлар рўйха­тини, уларни қабул қилиш йўриқномасини электрон тарзда олади. Сабаби, баъзан шифокорлар ҳусни­хатини бемор ҳам, ҳатто дорихоначилар ҳам ту­шунишга қийналади. Электрон йўриқнома эса ана шундай муаммога ечим бўлади. Унда дорилар номи аниқ-тиниқ акс этади. Яна бир қулайлиги, кўрикдан сўнг беморнинг электрон амбулатор тиббий картаси шакллантирилади. Бу, ўз навбатида, шахсий амбу­латор карталар йўқолиб қолишининг олдини олади, беморнинг ҳар сафар уни ўзи билан олиб келишига эҳтиёж қолмайди.

Шу қулайликлари боис бугунги кунда шаҳар ва туман­лардаги тиббиёт муассасаларида “Электрон по­ликлиника” ахборот тизими босқичма-босқич жорий қилинмоқда.