Ер ҳисобини юритишдаги муаммолар – муҳокама марказида

Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида геодезия, картография, кадастр ва фазовий маълумотлар соҳаларини ривожлантиришнинг долзарб муаммоларига бағишланган халқаро илмий-техник конференция ташкил этилди.

Конференцияда Россия Федерацияси, Туркия, Беларусь, Тожикистон, Қозоғистон ва бошқа давлатларнинг ҳамда юртимиздаги олий таълим муассасаларининг соҳа бўйича профессор-олимлари, тизим ташкилотлари ва экопартия вакиллари иштирок этмоқда.

– Конференция геодезия, картография, кадастр ва фазовий маълумотлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, илмий ҳамкорлик ва ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилди, – дейди Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ректори Чидем Туркйилмаз. – Ўндан ортиқ хорижий давлатлардан келган мутахассислар билан мавзу доирасида амалиётда қўлланаётган тажрибаларни ўртоқлашиб, тизим тараққиёти учун зарур бўлган янгиликлар, таклифларни муҳокама қиляпмиз. Конференция якунида билдирилган таклифлар, тўпланган тажрибалар асосида соҳа ривожи учун муҳим бўлган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиши кўзда тутилган. Бу келгусида соҳа самарадорлигини таъминлашга, ер билан боғлиқ мавжуд муаммоларга ечим топишда муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман.

Халқаро конференцияда геодезия, картография, кадастр, геоинформатика, ер тузиш ва фазовий маълумотлар соҳаларининг замонавий ҳолати ва ривожлантириш муаммолари, соҳада инновацион технологияларни қўллаш, ҳуқуқий муносабатларни ва қонунчилик базасини тадқиқ қилиш, давлат кадастрлари геопорталини яратиш ва юритишнинг устувор йўналишлари, ер ресурсларидан рационал фойдаланиш ва давлат кадастрларини юритишда геодезик-картографик ишлар, масофадан зондлаш, сунъий йўлдош тизимлари, геоинформатика ва учувчисиз учиш технологияларини тадбиқ қилиш, малакали кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда мутахассислар малакасини ошириш тизимини инновацион ривожлантириш каби долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда.

– Геодезия, картография, кадастр ва фазовий маълумотлар соҳаларини ривожлантириш бугунги кунда дунё миқёсидаги энг долзарб масалалардан бири, – дейди Беларусь Республикаси Миллий кадастр агентлиги баҳолаш бошқармаси бошлиғи Вероника Соловеева. – Шу боис ушбу анжуманда йиғилиб, соҳада тўплаган тажрибаларимиз билан ўртоқлашиш, соҳа ривожи учун муҳим бўлган янгиликларни аниқлаш, уларни такомиллаштириш, амалиётга кенг жорий этиш орқали ер муносабатларидаги мавжуд камчилик ва муаммоларга ижобий ечим топишни мақсад қилганмиз. Ўйлайманки, ўзаро тажриба алмашиш бунда муҳим омил бўлади.

Конференция доирасида хорижлик меҳмонлар университет фаолияти билан яқиндан танишиши, бир қатор маданий дастурлар ҳам белгиланган.