Эрдўғон Грецияни муҳожирлар ўлимида айблади
Греция ҳукумати ноқонуний муҳожирлар бўлган қайиқларни чўктирмоқда, бу эса одамлар ўлимига сабаб бўлмоқда, деди Туркия президенти Тойиб Эрдўған.
Аввалроқ Греция бош вазири Кириакос Мицотакис муҳожирларга нисбатан ваҳший муносабати ва инсон ҳуқуқларини бузганликда айблагани туфайли голландиялик журналист билан жанжаллашган эди.
"Қочқинлар инқирозида Туркияни айблаш бу - ношукурлик. Биз 5 миллион қочқинга бошпана бердик, шундан тўрт миллиони - Суриядан. Агар чегараларни очсак, Греция нима қилади, билмайман. Болалар ва аёллар бўлишига қарамай Ўрта ер ва Эгей денгизида айнан Греция қайиқларни чўктирмоқда. Бизда барча далил ва қочқинлар чўктирилаётгани ҳақида видеолар бор. Улар дунёни алдаши мумкин, лекин Туркияни эмас”, деди Эрдўған Анқарада ўтказилган матбуот анжуманида.
У “Мицотакис ўзини инсофсиз тутаётганидан” афсус билдирди.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари узоқ вақтдан бери Греция қирғоқ қўриқлаш хизмати қочқинлар қайиқларининг қирғоққа яқинлашишига тўсқинлик қилиб, уларни Туркия сувларига «итариб» юбораётганини таъкидлаб келади. Греция расмийлари қочқин ва муҳожирлар бўлган қайиқларни яқинлантирмаётгани ҳақидаги айбловларни рад этди. Бироқ, АҚШ Давлат департаменти 2020 йилдаги инсон ҳуқуқлари ҳолати ҳақидаги йиллик ҳисоботида Грецияда инсон ҳуқуқлари бузилиши - муҳожирлар бўлган қайиқлар мунтазам равишда Греция сувларидан чиқариб юбориш ҳолатлари ҳақида кўплаб маълумотларни келтирди.
Шунингдек, 2021 йил июль ойида Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти 2020 йилда Греция чегарасидан қочқинлар мунтазам равишда зўр-зўраки очиқ денгизга сиқиб чиқарилиши ҳақида кўплаб далилларни эълон қилган эди.