"Юзига қарамай, кўкрагини нишонга олардим..." Польшалик муҳожирларни ўлдиришга буюрилганини айтиб берди
Беларусга қочиб, сиёсий бошпана сўраган польшалик ҳарбий хизматчи Эмил Чечко Беларус давлат телевидениесига берган интервьюсида Польша хавфсизлик кучлари томонидан ноқонуний муҳожирларни ўлдиришда қатнашгани - уларга қарата ўқ узганини айтди.
Беларус Давлат чегара қўмитаси ўтган жума куни польшалик ҳарбий хизматчи Минскдан сиёсий бошпана сўраганини маълум қилди. Қайд этилишича, бир кун олдин Польша қуролли кучлари ҳарбий хизматчиси, 1996 йилда туғилган Чечко Эмил чегара чизиғида Беларус чегарачиси томонидан тўхтатилган.
Чегарачилар "Ҳарбий хизматчи Польша миграция инқирози ва қочқинларга нисбатан ғайриинсоний муносабат туфайли Беларус Республикасидан сиёсий бошпана сўраганини" таъкидлашди. Чечко Беларус телевидениесига берган интервьюсида Польша хавфсизлик хизмати ходимлари муҳожирларни мунтазам равишда ўлдиришгани, шунингдек, икки кўнгиллини ўлдиришда айблади. Унинг фикрича, Беларус билан чегарадош Польша ҳудудидаги вазиятни Қизил Хоч ташкилоти текшириши керак.
"Улар биринчи гуруҳни майдонга туширишди ва ўлдиришди, кейин иккинчи гуруҳни... Мен ҳам шундай қилдим - отдим", деди Чечко якшанба куни «Беларус-1» телеканалида намойиш этилган интервьюсида.
Журналистнинг «биринчи марта қандай қилиб одам ўлдирганини эслайсанми», деган саволига жавоб берар экан, Чечко бу май ойининг охирида содир бўлганини айтди. "Биринчи марта ўлдириш буюрилган одамлар… уларнинг юзлари унутилмайди. Кейингиларида юзига қарамай, фақат кўкраги нишонга олинади", деди у.
Эслатиб ўтамиз, Литва, Латвия ва Польша яқинда Беларус билан чегарада Яқин Шарқ ва Африкадан тўхтатилган ноқонуний муҳожирлар сони кўпайиши ҳақида хабар берди ва миграция инқирозини яратишда Минскни айблади. Минск буни рад этди.
Беларус президенти Александр Лукашенко ҳам Минск бундан буён ЕИ мамлакатларига ноқонуний муҳожирлар оқимини тўхтатмаслигини таъкидлади: «Ғарб санкциялари туфайли бунга бизда на пул, на куч» бор деди у. Белоруссия чегарачилари эса Литва, Польша ва Латвия томонидан муҳожирларни Беларус ҳудудига мажбуран чиқариб юбориш ҳақида бир неча бор баёнот беришган.
Ноябрь ойида Беларус ва Польша чегараси яқинида асосан курдлардан иборат муҳожирлар гуруҳи тузилди, дастлаб уларнинг сони 2 минг кишидан ошди. Муҳожирлар Польша билан чегарани Гродно вилоятидаги “Брузги” назорат-ўтказиш пунктида (Польша томонида – “Кузница”) бузиб ўтишга уринган. Бироқ уриниш Польша хавфсизлик кучлари томонидан махсус техника ёрдамида тўхтатилган.
Кейинчалик Белоруссияда муҳожирларни жойлаштириш учун чегара пунктидан унча узоқ бўлмаган транспорт-логистика маркази тайёрланди. Айрим муҳожирлар Белоруссиядан уйларига эвакуация рейслари орқали ёки якка тартибда қайтишди.
Бу орада Беларус-Польша чегарасида Яқин Шарқ қочқинларининг стихияли лагери пайдо бўлиши фонида Польша хавфсизлик ходимлари сонини оширди. «Польшанинг Беларус билан чегара яқинида 23 минг аскар, танк, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва бошқа оғир қуролларни тўплаш тўғрисидаги қарорини миграция инқирозига адекват жавоб деб бўлмайди», деди Беларус Мудофаа вазирлиги. Департаментда «бу кўпроқ қўшинларнинг зарба гуруҳларини яратишга ўхшайди» дея таъкидлашди.