Эртачи тарвуз дориланган бўладими?

Кўпчилик болалигида “Эртачи тарвуз дориланган бўлади”, деб эшитган бўлса, ажаб эмас. Тарвуз ва қовун сингари полиз маҳсулотларини кечроқ, яъни саратон қуёшини кўрганидан кейин харид қилган яхшироқ, деган тушунча ҳам шундан келиб чиққан. Хўш, аслида ҳам шундайми? Ёз бошланмасдан кўчаю бозорларимизни тўлдирган тарвуз ва қовунлар ростдан ҳам кимёвий ўғитларнинг “кучи” билан етиладими? Яхши тарвузни қандай фарқлаш мумкин?

“Қашқадарё тарвузлари 17 апрелда пишган эди”

Биринчи хато эртачи тарвузлар фақат кимёвий ўғитлар ёрдамида етилади, дея ҳисоблашимиз бўлса керак. Тўғри, аслида барча полиз экинларини парваришлаш давомида маълум миқдорда кимёвий ўғитлардан фойдаланилади. Бироқ уларнинг меъёрдан оширилиши ва тарвузнинг эрта етилишини ўзаро боғлашга қандай асосимиз бор? Айни саволга жавоб топиш мақсадида Қашқадарё вилоятининг Кўкдала тумани фермерлари билан боғландик. Жумладан, Қашқадарё вилояти “Тарвуз-қовун етиштирувчилар” ассоциацияси раҳбари, 25 йиллик тажрибага эга бободеҳқон Улуғбек Жуманазаровнинг жавоби шундай бўлди:

- Ҳақиқатан ҳам кўпчилик дориланган тарвуз ва қовунлар эрта пишади, деб ўйлайди. Аммо бу нотўғри. Қашқадарёда бу йил тарвуз 17 апрелдан бошлаб бозорларга чиқарилди. Бунинг учун миришкор деҳқонларимиз 1 декабрь санасида иссиқхоналарда уруғ экан эди. Кўчатлар икки ой давомида шу зайл парваришланди ҳамда 10 февралдан далаларга, уч қават плёнка билан ўралган махсус кўчма иссиқхоналарга кўчирилди. Бу усулда экилган кўчат ҳаво ҳарорати -12 даражага қадар совиса ҳам нобуд бўлмайди. Шундан келиб чиқиб айтишим мумкинки, далаларни қалин қор қоплаган вақтда ҳам бизнинг тарвузу қовунлар ўсишда давом этади. Тўлиқ 80 кун бўлганда улар етилиб, бозорларга чиқарилади.

Маълумотга кўра, жорий йил қашқадарёлик фермерлар тарвуз уруғининг Германияда ишлаб чиқилган эртачи навидан фойдаланган. Вилоятда етиштирилган полиз маҳсулотларининг учдан бир қисми Польша, Беларус, Қозоғистон, Россия сингари давлатларга экспорт қилинмоқда. Қолгани республикамиз бўйлаб сотилади. Жумладан, ўтган йили қашқадарёликлар 40 минг тонна тарвуз экспорт қилган бўлса, жорий йил бу кўрсаткични 80 минг тоннага етказиш режалаштирилган.

Қовун-тарвузни “дорилаш”дан кимга қандай наф?

Улуғбек Жуманазаровнинг таъкидлашича, фермерлар эртачи тарвуз етиштиришда кимёвий ўғитлардан имкон қадар кам фойдаланади. Бунинг икки асосий сабаби айтилди. Биринчиси, баҳор ойларида тарвузнинг асосан кичик ҳажмлилари харидоргир бўлади. Бу омил маҳсулотни экспорт қилишда ҳам муҳим ҳисобланади. Шу боис уларни кимёвий ўғитлар билан тўйдириб, ҳажмини ошириш ва етилишини кутишдан фермерлар манфаатдор эмас. Бу вақт ичида маҳсулотнинг нархи тушиши мумкин.

Иккинчидан, фермерлар маҳсулотининг бир қисмини экспорт қилади, дедик. Маълумки, экспортга йўналтирилган полиз маҳсулотлари икки томонлама назоратдан ўтказилади. Кимёвий ўғитга “бой” маҳсулот, хорижда сотувга қўйилмайди. Яъни, фермер зарар қилади. Қолаверса, маҳаллий бозорларда ҳам назорат тизими бор, зарарли маҳсулотни реализация қилиш қонун билан тақиқланган.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, қашқадарёлик фермерларнинг энг биринчи харидори қовун-тарвузларнинг шифобахш хусусиятидан баҳраманд бўлишни интиқ кутган хаста инсонлар ҳамда ҳомиладорлар бўларкан. “Уларни алдаш, “заҳарлаш” фермерлар учун иснод”, дейди у.

Сифати бузилганлари ҳам йўқ эмас-ку...

Авваллари харид қилган тарвузимизнинг аксариятидан оқ доғлар ёки қалин томирлар чиқарди, қовунлар эса таъмсиз бўларди. Бу ҳолатни шу кунларда ҳам онда-сонда бўлса-да, кузатиш мумкин. Деҳқонлар билан суҳбатимизда бунинг сабаби ҳам очиқланди.

Уларга кўра, полиз маҳсулотларидаги бундай “бузилиш” экинларни парваришлашда маҳаллий ўғитлардан (сувда ивитилган гўнг назарда тутилмоқда) меъёрдан ортиқ фойдаланиш оқибати экан. Бугунги кунда полиз маҳсулотларини парваришлашда томчилатиб суғориш механизми жорий қилинмоқда. Хусусан, Қашқадарёда 80 фоиз фермер шу усулдан фойдаланади. Томчилатиб суғорилган полиз маҳсулотларида бундай муаммо кузатилмайди. Шунингдек, бу усул кимёвий ўғитларни ҳам меъёрдан ортиқ ишлатиш имконини бермайди.

 

Қовун-тарвуз танлашда нималарга эътибор бериш керак?

Улуғбек аканинг айтишича, етилган тарвузнинг ранги тиниқ, чизиқларидаги оқ йўлаклари аниқроқ ажралган бўлади. Шунингдек, унинг пишган-пишмаганлигини киндиги орқали ҳам аниқлаш мумкин. Масалан, яхши тарвузнинг киндиги тўлиқ, текис бўлиб чиқади. Киндиги кичик ва ичига ботган тарвузлар етилишга улгурмай узилган бўлади.

- Ота-боболаримиз тарвузнинг енгилини, қовуннинг оғирини танла, деб бежизга айтишмаган, - дейди суҳбатдошимиз. - Қарангки, бу усул ҳам маромига етиб пишган маҳсулотни танлашимизда асқатар экан.

Сифат масаласига келсак, мутахассис тарвузни чертиб кўриш орқали унинг янги ёки туриб қолганлигини аниқлаш мумкинлигини тасдиқлади. Агар тарвуздан жарангдор овоз чиқса, унинг сифати бузилмаган бўлади. Акс ҳолда, уни харид қилмаган маъқул.

- Қовунларни танлаш жуда осон, - дейди Улуғбек ака. – Лекин кўпчилик бир фактни билмаганлиги учун хатога йўл қўяди. Гап шундаки, тўқ сариқ қовунлар юқори эҳтимол билан сифатини йўқотган бўлади. Улар туриб қолган бўлиб, ичидан ачишни бошлайди. Янги ва фойдали қовуннинг ёнидаги чизиқларида бир оз яшиллик сақланган бўлади. Шу билан бирга, қовуннинг сифатини уни сиқиб кўриш орқали ҳам билиш мумкин. Қаттиғи яхши, юмшоғи ёмон бўлади.

 

Полиз маҳсулотларини кўчадан сотиб олмаган маъқул

Маълумки, тарвузнинг таркибида глюкоза, фруктоза ва сахароза кўринишида тўпланадиган, енгил ўзлаштириладиган қандлар мавжуд. Шунингдек, унда организм учун зарур бўлган C, B1, B2, А, фолий кислотаси, пектин моддалари, каротиноидлар, калий тузлари, темир, магний ва калсий моддалари, аминокислоталар бор. Қовун ҳам фойдалилиги жиҳатидан тарвуздан ўтса ўтадики, ортда қолмайди. Лекин булар фақат сифатли маҳсулотга тааллуқли гаплар. Сифатсиз маҳсулот бундан каррасига кўп зарар келтириши мумкин.

- Қовун ва тарвуз етарли даражада пишмаган бўлса ёки уни етиштиришда кимёвий ўғитлардан кўп файдаланилган бўлса, саломатлик учун жиддий хавф туғдириши турган гап, - дейди вилоят санитария-епидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси овқатланиш гигиенаси бўлими мудири Й.Раҳимов. - Тартибга кўра, полиз маҳсулотларига пишиб етилишидан 30 кун олдин кимёвий ўғит берилиши тўхтатилиши керак. Бироқ бунга барча деҳқонлар ҳам амал қилмаяпти. Тўғри, бугунги кунда улардаги кимёвий моддалар меъёридан кескин фарқ қилиши камдан-кам учрайди. Шундай бўлса-да, у билан боғлиқ заҳарланиш ҳолатлари учраб турибди. Демак, ҳушёрликни йўқотмаслигимиз керак.

Й.Раҳимовнинг таъкидлашича, полиз маҳсулотлари биринчи навбатда жойлардаги махсус лаборатория ва ўсимликларни ҳимоя қилиш идоралари томонидан текширувдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат, келиб чиқишини тасдиқловчи  сертификатга  эга бўлиши лозим. Аммо бугун серқатнов кўчалар четида турнақатор бўлиб қовун-тарвуз сотаётганларда бундай ҳужжатлар йўқ. Биринчидан, уларнинг бу тақлид савдо қилишининг ўзи қонунбузарлик ҳисобланади. Афсуски, бунга ҳеч ким етарлича эътибор қаратмаяпти. Улардаги маҳсулотнинг сифатига кафолат йўқ.

Мутахассис қовун-тарвуздан заҳарланишнинг олдини олиш учун қуйидаги икки тартибга амал қилиш лозимлигини айтмоқда:

Биринчидан, полиз маҳсулотларини текширувдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатсиз сотаётганлардан харид қилманг.

Иккинчидан, истеъмолдан ортиб қолган, тиликланган қовун ёки тарвузни музлаткичда 24 соатдан ортиқ сақламанг. Совуткичда сақланган тиликланган қовун ва тарвузнинг юза қисмини 0,5-1 сантиметр қалинликда кесиб ташлашни унутманг.

Заҳарланиш аломатлари сезилса...

- Деярли барча одам ҳаётида бир маротаба бўлса ҳам бу касалликни бошидан ўтказган, - дейди вилоят юқумли касалликлар клиник шифохонаси инфексионист шифокори Азиза Қурбонова. – Айниқса, пишиқчилик вақтида одамларнинг заҳарланиш ҳолати кўпроқ кузатилади. Бироқ айбни фақат қовун ва тарвузга ағдариш нотўғри. Гигиена қоидаларига амал қилмаслик, маҳсулотни ювмасдан, сифатини текширмасдан истеъмол қилиш касалликнинг асосий омилидир. Шундай экан, заҳарланишнинг олдини олиш учун аввало, овқатланиш тартиби ва гигиенага амал қилиш лозим.

Мутахассиснинг айтишича, организмнинг озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланиши ўткир бошланади. Унинг аломатлари 2 соатдан 12 соатгача намоён бўлади. Буларга қорин қисмидаги кучли оғриқ, тана ҳароратининг кўтарилиши, қайт қилиш, ич кетиши ҳамда умумий ҳолсизлик киради.

Касаллик уч хил шаклда, енгил, ўрта ва ўта оғир келиши мумк***ин. Енгил ҳолатда беморда фақат кўнгил айниши, қорин қисмида енгил оғриқ бўлиши мумкин. Бунда уй шароитида кўп миқдорда қайнатиб, илиқ даражагача совитилган сувни истеъмол қилиш орқали касалликни енгиш мумкин. Ўрта ва ўта оғир ҳолатларда иситма чиқиши, тинимсиз қайт қилиш, кучли оғриқлар кузатилади. Агар сизда шундай аломатлар бўлса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилишингиз керак.

 Асқар БАРОТОВ.