Нитратсиз тарвузни қандай танлаш ва заҳарланмаслик керак?
Пул топиш мақсадида тадбиркорлар тезроқ ўсиб, тош босиши учун кўпинча тарвузни нитрат билан боқади. Бундай тарвузларни истеъмол қилганда заҳарланиш мумкин.
Нитратлар инсон ичакларига тушганида нитритларга айланади, улар ўз навбатида метгемоглобинни ҳосил қилади.
Метгемоглобин ҳужайраларга кислород етказиб берувчи гемоглобиннинг ўрнини босади. Натижада заҳарланиш содир бўлади.
Енгил заҳарланишда қуйидаги аломатлар кузатилади: кўнгил айниш, бош айланиш, бош оғриқ, ич кетиши.
Метгемоглобин гемоглобин ҳужайраларини 50 фоиздан кўпроғига алмаштирганда одам ўлиши мумкин.
Сифатли текшириш учун махсус мослама керак бўлади. Аммо бундай мослама ҳаммада ҳам бор эмас. Шунинг учун текширишнинг бошқа усулларини қўллаш лозим.
1. Тарвуздаги чизиқлар аралашмаган бўлиши керак
Тарвуз сотиб олишдан олдин унинг чизиқларига эътибор бериш керак. Чизиқлар аниқ ва бир-бири билан аралашиб кетмаган бўлиши лозим. Хиралашган чизиқлар тарвузнинг тезроқ ўсиши учун нитратга тўйинтирилганидан дарак бериши мумкин.
2. Укол изларини текширинг
Сотиб олишдан олдин тарвузнинг ҳамма томонига диққат билан қаранг. Унда ҳеч қандай укол излари бўлмаслиги керак. Агар кичик бирон из бўлса ҳам уни сотиб олманг.
3. Сув синови
Тарвузни уйга олиб келганингиздан сўнг уни сув тўлдирилган ваннага солинг. Яхши пишган тарвуз сув устида сузиши керак. Агар тарвуз чўкиб кетса, уни истеъмол қилмаслик керак.
4. Тарвузнинг кесилишини текширинг
Тарвузни кесиб, яна бир синовни ўтказинг. Нитратли тарвузни кесганда кўпинча тўғри кесилади. Ҳақиқий тарвуз эса шакар доналари сабаб қийшиқ кесилади.
5. Сув орқали синаш
Энди охирги синовга ўтамиз. Стаканга сув солинг, тарвуздан кичик бўлак кесинг ва стакандаги сувга аралаштиринг. Сўнгра ранги аниқ билиниши учун сувни бошқа стаканга солинг. Агар сув хиралашса, тарвуз нитратсиз бўлиши керак. Агар сув пушти ёки қизил рангга кирса, ундай тарвузда нитрат мавжуд ва ранг қанчалик ёрқин бўлса, нитратнинг таркиби шунчалик юқори бўлади.
Шуни унутмангки, 3 ёшгача бўлган болаларга махсус қурилма билан синовдан ўтмаган тарвуздан берманг. Тарвузда нитратлар кўп бўлгани учун у гўдагингизга жиддий зарар етказиши мумкин.