Қўшработда ҳар биттаси 20 килограмлик тарвуз етиштирилди

Тоғ ва қир-адирлар бағрида жойлашган Қўшработ тумани экин майдонларининг аксарият қисми суғорилмайдиган лалми ерлардан иборат. Президентимиз 2019 йил 11 январь куни вилоятимизга ташрифи давомида туманда 10 минг гектар лалми ер майдонларида токзорлар барпо этиш бўйича топшириқ берганди.

Шу пайтга қадар қўшработлик фермерлар, асосан лалми ер майдонларига бошоқли ва дуккакли экинлар экиб, кўнглидагидек даромад олишмасди. Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан токзорларни кўпайтириш масаласига эътибор қаратилгач, бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланувчи фермерлар сафи кенгайди. Улардан бири Қўролос маҳалласида яшовчи Жаҳонгирмирзо Нусратуллаевдир.

Ёш фермер раҳбарлик қилаётган “Қўролос чаман манзараси” фермер хўжалигининг умумий ер майдони 7 гектар бўлиб, 2 гектарида мевали дарахт ва 5 гектарида ток кўчатлари парвариш қилинмоқда. Ниҳоллар ўсиб, ҳосилга киргунга қадар боғ орасида турли хил қишлоқ хўжалик экинлари етиштирилмоқда.

- Болалигимдан деҳқончилик сирларини бобом ва отамдан ўрганиб келдим, - дейди Ж.Нусратуллаев. – Кейинги йилларда қурғоқчилик сабаб туманимизда лалми қовун-тарвузлар экилмай қўйганди. Шу боис туманда бу маҳсулотларга нисбатан эҳтиёж катта. Аҳолимизнинг қовун-тарвузга бўлган талаби Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари деҳқонлари томонидан қондириб келиняпти.

Ўтган йили “Yoshlar - kelajagimiz” давлат дастури асосида банкдан 48 миллион сўм имтиёзли кредит олдик. Артезиан қудуқ қазиб, сув насосларини келтириб ўрнатдик. Жорий йил баҳорда наманганлик деҳқон оилани ҳамкорликка чорлаб, ток кўчатлари орасига қовун-тарвуз ва мош экдик. Қисқа фурсатда яхши натижалар бўй кўрсатди. Шу пайтгача қовун-тарвуздан олган даромадимиз қарийб 30 миллион сўмга етди. Полизда ҳали ҳосил мўл. Бундан ташқари, мош, картошка, пиёз, сабзи ва бошқа маҳсулотларнинг ҳам ҳосилини йиғиштиряпмиз.

Фермер хўжалиги ташкил этилиб, 3 киши доимий, 10 киши мавсумий иш билан таъминланган. Мавсумий ишчиларнинг 5 нафари наманганлик деҳқон Акмал Назаровнинг оила аъзоларидир.

- Оиламиз билан қўшработлик ёш фермерга полизчилик сирларини ўргатяпмиз, - дейди А.Назаров. – Бу ерда деҳқончилик қилиш учун имкониятлар етарли. Ер ҳам талабга жавоб беради. Айниқса, полиз маҳсулотларидан катта ҳосил олиш мумкинлигини исботладик. Етиштирилган катта тарвузларнинг бир донаси 20-22 килограммгача етяпти. Сал нарида қанча лалми ерлар қақраб ётибди. Мақтанишга йўйманг, биз фаолият юритаётган хўжалик ер майдонида етилган ҳосилга кўз қувнайди. Ўз навбатида, фермерга кўмак бериш баробарида қўшработликларнинг узум етиштириш бўйича тажрибасини ўрганяпмиз.

“Қўролос чаман манзараси” фермер хўжалиги аъзолари 2020 йил январь ойида иссиқхонада қовун-тарвуз уруғларини махсус идишларга экиб, февраль ойида далага кўчат ўтқазишни, май ойида эса ҳосил олиб бозорга чиқаришни режалаштирмоқда.

- Ўтган йилда туман бўйича бор-йўғи 3 гектар майдонда қовун-тарвуз етиштирилган, - дейди туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Б.Абилов. - Жорий йилда ўнга яқин фермер хўжаликлари далаларида 30 гектар майдонга полиз маҳсулотлари экилиб, мўмай даромад олинди. Президентимиз топшириғига асосан келгусида 10 минг гектар майдонда токзорлар барпо этилади, янги экилган ток кўчатлари ораларида турли хил қишлоқ хўжалиги ва полиз маҳсулотлари етиштирилади. Бу эса бозорларимизда арзончилик ва тўкинчиликни таъминлайди.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).