Эртак терапияси ёхуд ҳайдовчи сўкинмасликка ваъда берди

Тўғриси, айрим мактабларда амалиётчи психологлар фаолияти деярли сезилмайди. Аммо баъзи таълим муассасаларида уларнинг ишини нафақат ўқитувчи ва ўқувчилар, балки ота-оналар, ҳатто маҳалла-кўй ҳам яхши баҳолайди.

Яқинда иш юзасидан Иштихон туманидаги 41-умумий ўрта таълим мактабида бўлдик. Бу ерда дарсдан кейинги тўгарак машғулотлари фаолияти билан танишар эканмиз, бир синфхонада мактаб психологи 20 нафарга яқин бола билан шуғулланаётганига гувоҳ бўлдик.

- Шу синф ўқувчиларининг ҳар бири нимага қизиқишини яхши биламан, - дейди психолог Моҳира Ёрқулова. - Бу улар ўртасида ўтказган психологик тест ва тренинглар натижасида аниқланган. Бугун ўқувчилар билан “ота-онамга меҳрим бўлакча” “челенж”ини ўтказяпман. 

М.Ёрқулова ёш, шу билан бирга, ўз касбига меҳр қўйган психолог. У болалар ўртасида “эртак терапияси”ни ўтказиб, уларнинг қайси фанларга кўпроқ қизиқишини, дарсларда тенгдошларидан ортда қолаётган бўлса, бунинг сабаби нима эканини тезроқ ўрганишга ва бу муаммони вақтида бартараф этишга ҳаракат қилади.

- “Эртак терапияси” орқали дарсга қизиқиши бўлмаган болажонлар билан кўпроқ шуғулланаман, - дейди у. - Масалан, бошланғич синф ўқитувчиларидан бири яхши ўқийдиган, хотираси анча кучли бўлган бир боланинг кейинги пайтда дарсга қизиқиши сўниб бораётгани, берилган вазифаларни аввалгига қараганда суст бажараётгани ҳақида гапириб қолди. Болани хонамга чақириб, “Олтин балиқча” эртагини айтиб бердим ва унга “Агар сен олтин балиқча тутиб олганингда нимани сўрардинг?”, деб савол бердим. У эса йиғламсираб, бироз жим турди-да, бу эртак эканлигини, уни мактаб ёшигача бувисидан кўп бор эшитганини айтди. Унинг жанжаллашиб қолган дадаси ва аяси ярашишини сўрашини ва бу ишни эртакдаги балиқ уддалай олмаслигини айтди. Кейин унинг ота-онасини чақириб, бўлган воқеани айтиб бердим. Ҳам бир оилавий ажримнинг олди олинди, ҳам боланинг ўқишга қизиқиши ортди.

Психолог Моҳира Ёрқулова ўқувчилар билан бирга нафақат мактабда, балки маҳаллада ҳам турли акциялар ташкил этади. Яқинда “Биз зўравонликка қаршимиз” акцияси доирасидаги тадбирларга ота-оналарни, маҳалладаги уюшмаган ёшларни, шаҳарча автобошбекатидаги йўловчи ташувчи транспорт ҳайдовчиларини жалб қилди.

- Уларга мактабимиз ўқувчилари “бейжик”лар тарқатди, - дейди М.Ёрқулова. – Ва улар акциямиз иштирокчисига айланди. Ҳар бир қатнашчига зўравонликнинг келиб чиқиши ва унинг салбий оқибатларини содда қилиб тушунтириб бердик. Кўпчилик ёмон одатлари борлигини ва улардан воз кечиши кераклигини айтди. Масалан, бир ҳайдовчи таксичилик қилиш жараёнида шериклари билан одам талашиб, қўпол сўзлар билан сўкинишини, бу атрофдагиларга ёмон таъсир ўтказиши мумкинлигини ҳис қилганини, энди бундай ҳолатлар такрорланмаслигини ваъда берди.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат).