Самарқандда тўртинчи “Устозлар миллий форуми”: Натижа, ютуқ ва камчиликлар муҳокама этилди

Ҳар йили янги ўқув йили олдидан анъанавий равишда “Устозлар миллий форуми” ўтказилиб келинмоқда.
Жорий йилда ҳам янги 2025-2026 ўқув йили олдидан таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, раҳбар кадрларнинг ташаббускорлиги ва масъулиятини кучайтириш, тизимда фаолият юритаётган педагог ходимларнинг касбий салоҳиятини ошириш, илғор тажриба ва методик ёндашувларни кенг тарғиб этиш, ўқув дастурлари ва дарсликлардаги янгиликларни педагогларга етказиш, инновацион технологияларини жорий этиш орқали замонавий таълим талабларига мос рақобатбардош авлодни тарбиялашга хизмат қилувчи муҳим ва устувор йўналишларни аниқлаб олиш мақсадида вилоят педагогик маҳорат марказида тўртинчи “Устозлар миллий форуми” ўтказилди. Форумда 300 нафар илғор ўқитувчи ва тарбиячилар иштирок этди.
- Ўтган ўқув йилида таълим сифатини ошириш бўйича бир қатор тизимли ишлар амалга оширилди, - деди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Музаффар Ҳамдамов. - Вилоятдаги 1268 та умумий ўрта таълим мактабларини 50 146 нафар 11-синф битирувчилари тугатди. Улардан 1889 нафари олтин, 348 нафари кумуш медаль билан битирган бўлса, 342 нафари муддатидан олдин талаба бўлди. Самарқанд вилояти бу йил олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи бўйича республикада 6-ўринни эгаллади.
Шунингдек, мактаб педагогларининг ҳам ютуқлари бир талай. Масалан, 2025 йил учун “Вазир жамғармаси”нинг ҳар ойлик устамасига вилоятимиздан 88 нафар малакали педагоглар лойиқ деб топилди.
Вилоятдаги умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган 5887 нафар хорижий тиллар фани ўқитувчиларидан 64,5 фоизи чет тилини билиш даражаси бўйича миллий ёки халқаро даражадаги сертификатларга эга бўлишди.
Бундан ташқари, вилоятга 24 нафар хорижий мутахассислар – “Зўр” (“Класс”) лойиҳаси бўйича Россиядан 12 нафар, Филиппиндан 9 нафар, Ҳиндистон, Канада ҳамда Франциядан 1 нафардан ўқитувчи жалб этилди. Янги ўқув йилидан жами 149 нафар хорижий мутахассисларни олиб келиш режалаштирилди.
Жорий йилда ҳар бир туман (шаҳар)да биттадан, вилоятда жами 16 та “Жасорат мактаблари” ташкил этилиб, 5-синф ўқувчилари учун икки босқичда имтиҳон жараёнлари ўтказилди.
Вилоятдаги 104 та умумий ўрта таълим мактабларида 166 нафар алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчилар 132 та инклюзив синфларда соғлом ўқувчилар билан бир синфда таълим-тарбия олишди. Вилоятда 16 та туман (шаҳар)да биттадан мактаб инклюзив таълимнинг “тўсиқсиз муҳит” талабларига жавоб берадиган мактаби этиб белгиланди.
Форумда янги дарслик ва методикалар, замонавий ўқитиш усуллари, eMaktab имкониятлари, Жанубий Корея тажрибаси асосида ўйинга асосланган таълим каби мавзуларда маҳорат дарслари ўтказилади.
Форум иши давом этмоқда.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.