Фақат жазо чораларини кучайтириш билан ЙТҲларнинг олдини олиб бўлмайди
Вилоят судида йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги қонунбузарликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда судлар томонидан қўлланилаётган жазо чоралари таҳлилига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Дастлаб вилоят суди раиси ўринбосари, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Жаҳонгир Арслонов суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.
- Бугун вилоятимизда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтириш энг устувор вазифалардан бири, - деди Ж.Арслонов. – Аммо вилоят судлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб борилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, йўл ҳаракати соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар статистикаси ҳамон юқорилигича қолмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси (транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқариш) билан вилоят судлари томонидан 995 нафар шахсга нисбатан жазо қўлланилган. 198 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ тайинланиб, 712 нафари ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган.
Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши, жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки моддий зарар етказиш ҳолатлари бўйича 1656 та иш кўрилган. Ачинарлиси, ҳуқуқбузарларнинг 61 нафарини аёллар, 6 нафарини вояга етмаганлар, 90 нафарини 60 ёшдан ошганлар ва 5 нафарини чет эл фуқаролари ташкил этди.
Албатта, бундай жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан қонун доирасида қатъий жазо чоралари - муайян муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва озодликдан маҳрум этиш жазолари тайинланмоқда. Йўл ҳаракати билан боғлиқ жиноят ва ҳуқуқбузарликлар фақат жазолаш учун эмас, балки аҳоли ўртасида огоҳликни ошириш мақсадида бевосита маҳаллаларда, корхона ва ташкилотларда сайёр суд мажлислари шаклида кўриб чиқиляпти.
Жазо чораларини кучайтириш билангина йўллардаги фожиаларнинг олдини ололмаймиз. Бунинг учун кенг жамоатчилик, ОАВ вакилларининг тарғибот кўмаги орқали аҳолининг йўлларда ҳаракатланиш, транспорт воситаларини бошқариш маданиятини ошириш керак.
Анжуман давомида жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Нарпай ва Нуробод туманлари судининг тергов судьялари, вилоят йўл-патрул хизмати маъмурий амалиёт бўлими мутасаддилари суд-ҳуқуқ ва йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш борасида Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар ҳақида маълумот беришди.
Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.