Фақат паспорт билан пенсияга чиқиш учун маълумотлар рақамлашган бўлиши лозим
Сиз пенсия ёшига яқинлашдингиз ва ортиқча оворагарчиликларсиз пенсияга чиқишни хоҳлайсиз. Бунинг учун нима қилиш керак? Пенсия жамғармаси ахборот хизмати бу ҳақда маълумот берди.
Таъкидланишича, дастлаб, меҳнат фаолият даврларингиз тўлиқ рақамлашганини текширишингиз керак. Бу жараён my.gov.uz портали орқали амалга оширилади.
Агарда сиз ҳозирда ишлаётган бўлсангиз ўз иш берувчингиздан олдинги меҳнат фаолият даврларингизни рақамлаштирилгани ёки йўқлигини сўраб билишингиз мумкин.
Сизнинг ҳисобингиз бўйича меҳнат фаолиятингизнинг бирор бир даври рақамлаштирилмаган бўлса, бу масалада сиз шу ташкилотга мурожаат қилсангиз ҳам бўлади.
Ташкилот тугатилган бўлса-чи?
Агар сиз ишлаган ташкилот ёпилган бўлса, меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларини «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси («ЯММТ» ИДАК)га Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими (биржа)га мурожаат қилиш орқали киритиш мумкин.
Ишламаётган фуқаролар меҳнат фаолиятидаги даврларни қандай рақамлаштиришлари мумкин?
Бугунги кунда ҳудудларда Камбағалликни қисқартириш ва банликка кўмаклашиш бўлимлар (биржалар) мавжуд бўлиб,
ишламаётган фуқаролар мазкур биржаларга мурожаат қилиб, рақамлаштириш хизматларидан бепул фойдаланишлари мумкин.
Юқоридагилар тўлиқ бажарилган тақдирда фуқароларга пенсия муаммосиз тайинланади.