Фақат тунда уйига келадиган қарздорнинг “Gentra”си хатланди

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси Қидирув шуъбаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида банк фойдасига ундирилиши лозим бўлган қарздорлик билан боғлиқ навбатдаги ижро ҳаракати таъминланди.

Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро Р.У.дан “Микрокредитбанк” АТБ фойдасига 19 миллион сўм қарздорликни ундириш белгиланган ва унга тегишли “Chevrolet Gentra” русумли автотранспорт воситасига қидирув эълон қилинган.

Қарздор транспорт воситасини фақат тунда уйига олиб келиб, кундузи бошқа жойда сақлаётгани аниқланган. Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида автомашина қарздорнинг яшаш манзилида аниқланди.

Натижада фақат тунда уйига келадиган қарздор транспорти белгиланган тартибда хатланиб, жарима майдончасига жойлаштирилди.

Бюро органлари томонидан қарздорликни ундириш борасида тизимли ва қатъий чоралар кўрилмоқда.