Фаровон жамиятни қачон, қандай қурамиз?

Ушбу саволга яқинда “Университет” нашриётида адиб ва олим Бахтиёр Омон томонидан ёзилган “Фаровон жамият қуриш йўлида” деб номланган китобдан жаволб олиш мумкин.
Китобнинг мундарижаси бой ва ранг-баранг. “Шарқ Ренессанси ва унинг инқирози”, “Томошабинни ўз домига тортаётган сериаллар”, “Япония ривожланиши тарихига бир назар”, “Хитой ислоҳотларида мутафаккирлар ташаббуси”, “Жануби-шарқий Осиё феномени сири”, “Глобаллашув даврида шахснинг майдалашуви”, “Миллат ва коррупция”, “Таълим ва миллий тараққиёт ҳақида мулоҳазалар” сингари бадиа-мақолалар долзарблиги ва ўқимишли тилда ёзилганлиги сабаб, китобхонга янги билим ва тушунчаларни беради ва тафаккур дунёсини бойитади.
Китобда жамиятни ислоҳ этиш, инсон дунёқарашини ўзгартириш орқали фаровонликка эришган хитой, япон, немис, француз, рус, ҳинд ва бошқа халқларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида кейинги ўн йилликларда юз берган инқилобий ўзгаришлар таҳлил этилган, Ўзбекистонда бошланган улкан бунёдкорлик ўзгаришларининг мазмун-моҳияти, ютуқ ва камчиликлари очиб берилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрда Парламентга Мурожаатномасида: “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак”, деган эди. Ушбу китоб айнан шу мақсадларнинг рўёбини кўзлаб ёзилган. Унда жамиятимизда таълим ва ёшлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари муаммолари, миллий тараққиётга тўсиқ бўлаётган коррупция ва оғмачилик, лоқайдлик ва билимсизлик, маддоҳлик ва иккиюзламачилик каби салбий иллатларни бартараф этиш имкониятлари чуқур таҳлил қилинади, таклифлар ва амалий тавсиялар илгари сурилади.