Фахрий чорвадорлар “Боқий шаҳар”га саёҳат қилди

Нуробод туманидаги Жарқудуқ қишлоғи ҳамда шу ҳудуддаги ”Нурли эл чорвадори” масъулияти чекланган жамияти фахрийлари Самарқанд шаҳрига саёҳат қилдик. Саёҳат давомида меҳнати билан кўпчиликка ибрат бўлган, бугун кексалик гаштини сураётган ҳамда мўл-кўлчилик яратиш мақсадида ғайрат кўрсатаётган чорвадорлар мамлакатимизда, хусусан, қадимий шҳардаги ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари билан танишди, тарихий ёдгорликларини зиёрат қилди.

Саёҳатимиз мобайнида катта ўзгаришларнинг гувоҳи бўлдик. Айниқса, янги барпо этилган “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказини, мажмуадаги замонавий меҳмонхоналар, Конгресс холл, амфитеатр ва бошқа кўплаб иншоотларни ҳайрат билан томоша қидик. Оқсоқоллар марказнинг номланиши билан қизиқди. Унинг “Буюк ипак йўли”  халқаро туризм маркази деб аталишида чуқур маъно бор экан. Номланиш юзасидан бизга содда ва равон тушунтириб беришди. Бу ерда ўша даврга оид тарихий манзаралар акс эттирилган. “Боқий шаҳар” мажмуаси безакларида қадимий Афросиёб деворларида сақланиб қолган Суғд давлати ҳукмдорининг Корея, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар элчиларини қабул қилиш маросими тасвирларидан фойдаланилган экан.

“Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказида ташкил этилган қадимий бозор, 40 та ҳунармандчилик устахонасида усталар ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик, заргарлик, гилам тўқиш каби жараёнлар сайёҳларга намойиш этиляпти. Биз, чорвадорлар вакиллари, нуронийлар Регистон ансамбли, Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаси, Амир Темур мақбараси, “Афросиёб” тарихий музейи, Ҳазрати Хизр зиёратгоҳи ва яна кўплаб тарихий обидаларни зиёрат қилдик.

Тўлқин РАҲИМОВ.

Нуробод туманидаги ”Нурли эл чорвадори” масъулияти чекланган жамияти раиси.