Фермерлар “Жомбойдон” АЖдан пулларини ололмаяпти: Жамият важи эса “ёпишмаяпти”

Таҳририятимизга Булунғур туманида фаолият юритаётган бир гуруҳ фермер хўжаликлари шикоят аризаси билан мурожаат қилишди.

Хўжаликлар “Жомбойдон” АЖ билан 2021 йилги бошоқли дон харид қилиш бўйича шартнома имзолаган. Шартномага кўра, ушбу хўжаликлар 2021 йил ҳосилидан давлат буюртмаси асосида қарийб 118 тонна ғалла топширган, жамият уларга ғалланинг ҳар килограми учун 1347 сўмдан ҳақ тўлаб берган. Холбуки, фермерлар шартномада ғалланинг ҳар килограми учун 2500 сўмдан ҳақ тўлаш белгиланганлигини айтмоқда.

Бу ҳам етмагандек, хўжаликларнинг шартномадан ортиқча топширган 47 минг 610 килограмм ғалла ҳосили учун ҳам 1347 сўмдан ҳақ тўланган ва бундан ҳам фермерлар 78 миллион сўмдан ортиқ зарар кўрган.

Хўжалик бошлиқлари ҳам бу масалани ойдинлаштириш учун бир неча бор суд идораларига мурожаат қилган, лекин уринишлар самара бермаган. Суд хулосасига кўра, фермер хўжаликлари ортиқча маҳсулотни “Жомбой дон гумбаз олтин бошоқ кластер” масъулияти чекланган жамиятига эмас “Жомбойдон” АЖга топширган.

Энг қизиғи, юқоридаги корхона айнан “Жомбойдон” тасарруфида, бегона эмас. Аммо шу важ билан фермерларнинг пули ҳамон берилган эмас. Ҳатто омбор ҳам битта, фермерлар маҳсулотни кўрсатилган омборга етказган.

Шу тарзда “Жомбой дон гумбаз олтин бошоқ кластер” масъулияти чекланган жамияти олдида топширилмаган маҳсулот учун 2500 сўмдан ҳақ тўлаб бериш мажбурияти юзага келмагани айтилмоқда. Фермерлар эса кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайди.

Ахир, юқорида айтилганидек, дон битта омборга тўкилаётган бўлса, бунинг устига “Жомбой дон гумбаз олтин бошоқ кластер” масъулияти чекланган жамияти “Жомбойдон” АЖ қошида ташкил этилган бўлса. Ушбу баҳона фермерни очиқчасига ерга уриш, деҳқоннинг йил давомидаги меҳнати, унинг қадрини топташ эмасми?

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ, Zarnews мухбири
Бахтиёр МУСТАНОВ, тасвирчи.