Фермерлар огоҳлантирилди
Вилоятимизда 2026 йил ҳосили учун 83 минг 913 гектар суғориладиган майдонда бошоқли дон экинлари парвариш қилинмоқда. Бугунги кунга келиб мавжуд ғалла майдонларининг 71 минг 442 гектари (85 фоизи) туплаш, 12 минг 471 гектари (15 фоизи) найчалаш фазасида ривожланмоқда.
Айни пайтда ғалла етиштиришда зарур агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда илм-фан ва инновацияларга асосланган замонавий ёндашувларни қўллаш орқали илғор агротехнологияларни кенг жорий этиш муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, ғалла майдонларини азотли минерал ўғитлар билан баҳорги биринчи озиқлантириш, маҳаллий ўғит чиқариш, “шарбат” усулида суғориш, шунингдек бегона ўтларга қарши курашиш ишлари ғалла ҳосилдорлигини оширишга қаратилган ҳолда олиб борилмоқда.
Мутахассислар тавсиясига кўра, ғалла майдонларида асосий агротехник тадбирлардан бири сифатида ҳар гектар майдонга 3 тоннадан маҳаллий ўғит (гўнг) киритиш ҳамда “шарбат” усулида суғориш ишларини амалга ошириш бўйича ҳудудларда зарур ишларга киришилган.
Мазкур агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари мутахассислари томонидан доимий назоратга олинган. Жумладан, мутахассислар томонидан ғалла майдонларида мониторинг тадбирлари ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, агротехник тадбирларни ўз муддатида амалга ошириш юзасидан фермер хўжаликлари ва соҳа масъулларига тегишли кўрсатма ҳамда огоҳлантиришлар бериб борилмоқда.
Шу билан бирга, айрим ҳудудларда айрим фермер хўжаликлари томонидан ушбу муҳим агротехник тадбирларга етарли даражада эътибор қаратилмаётгани ҳам кузатилмоқда. Ўтказилган мониторинглар давомида 3138 фермер хўжалигининг 12 минг 35 гектар ғалла майдонида турли камчиликлар аниқланган. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан маҳаллий ҳокимликларга 46 та тақдимнома, 25 та кўрсатма, шунингдек соҳа масъуллари ҳамда фермер хўжаликларига 25 та огоҳлантириш берилди.
Шахриддин Бутунов,
Агроинспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси бош мутахассиси