Фозил Йўлдош уй-музейи ўрнида янги мажмуа қурилмоқда

Бу йил ўзбек халқ шоири, Булунғур достончилик мактабининг йирик вакили Фозил Йўлдош ўғли таваллудининг 150 йиллигини нишонлаймиз. Шу муносабат билан бахши туғилиб ўсган туманда унинг фаолияти ва ижодини ёритиш, адабий меросини оммалаштиришга қаратилган оммавий тадбирларни ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.
Биз Булунғурда бўлиб, жараён билан танишдик. Биринчи манзил элимиз суйган бахши номи билан аталувчи маҳалладаги уй-музей бўлди. Айтиш керакки, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг жорий йил 18 мартдаги қарори асосида тумандаги Фозил Йўлдош номи билан боғлиқ объектларда қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун вилоят бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 4,7 миллиард сўм маблағ ажратилди. Айни маблағнинг 3,3 миллион сўми мазкур уй-музей ўрнида янги, замонавий музей қуриш ҳамда унга туташ ҳудудни хиёбонга айлантириш ишларига йўналтирилди.
— Июнь ойида бошланган қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етай деб қолди, - дейди пудратчи ташкилот иш юритувчиси Сирожиддин Холмўминов. – Бу вақт ичида уй-музей ўрнига замонавий мажмуа қурилди, унинг ёнида жойлашган 2-сон маданият уйи биноси тўлиқ қайта таъмирланди. Шунингдек, бино атрофидаги 1 гектарга яқин майдон ободонлаштирилиб, аҳолининг ҳордиқ чиқариши учун зарур шароитлар яратилди.
— Эски уй-музейида маданий тадбир ўтказиш уёқда турсин, экспонатларни жойлаштиришга ҳам жой торлик қилар эди, - дейди Фозил Йўлдош уй-музейи раҳбари Нодир Раҳимов. – Янги бино катта кириш зали ва 3 та бир-бирига туташ хонадан иборат. Бу хоналарда Самарқанд бахшичилик мактаби, хусусан, Фозил Йўлдош ўғли ҳаёти ва ижодига оид экспонатлар, туманимизнинг фольклор гуруҳлари фаолияти, эришган ютуқлари кўргазмасини ташкил этишни режалаштирганмиз. Бу жой энди тумандошларимиз учун тарихимизни ўрганиш ва маданий дам олиш маскани бўлди.
Музей ҳовлисида Фозил Йўлдош ўғлининг бюсти жойлаштирилган. Миллий руҳда безатилган фаввора, кенг ва кўркам хиёбон мажмуа кўркига кўрк қўшиб турибди.
Булунғур тумани марказидаги хиёбонда Фозил Йўлдош ўғлининг салобатли ҳайкали қад ростлаб турибди. Ўтган вақт бу ерда ҳам катта ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Хусусан, бахшининг ҳайкали ортидаги иншоот барельеф жанридаги ижод намунаси билан безатилди. Унда маҳоратли рассом Саид Ибрагимов томонидан Алпомиш достонининг асосий қаҳрамонлари акс эттирилган.
Тадбир олдидан Фозил Йўлдош ўғли қўним топган “Ғиштли ота” қабристони ҳам ободонлаштирилди. Бу ерда халқ бахшисининг қабрини зиёрат қилиш учун келадиган кишиларга зарур шароитлар яратилган.