Францияда кислотали ёмғир ёғиши кутилмоқда

Дам олиш кунлари Францияда Пальма (Канар ороллари, Испания) оролида вулқон отилиши туфайли кислотали ёмғир ёғиши мумкин, деди BFMTV телеканали метеорология хизмати раҳбари Кристоф Персон.

Метеорологнинг айтишича, Пальмадаги вулқон лавадан ташқари, атмосферага кўп миқдорда олтингугурт оксиди чиқармоқда. У ўз навбатида, ҳудудларда кислотали ёмғир ёғдирувчи олтингугуртли газ булутини ҳосил қилади.

Кислотали ёмғир ўрмон, экин ва ўсимликларни йўқ қилиши, шунингдек, бино ва маданий ёдгорликлар, металл қурилма (масалан, автомобил)ларни вайрон қилиши мумкин. Шунингдек, сувли қатламларга кириб, тупроқ унумдорлигини пасайтиради, заҳарли моддалар тарқалишига олиб келади.

"Ҳозир вулқон кунига бир неча тонна олтингугурт чиқариб юбормоқда... Ва, аста-секин ушбу олтингугурт диоксид массаси – кислотали ёмғир дам олиш кунлари Францияга етиб келади. Чунки унга яқин бўлган шаҳарларда аллақачон ёға бошлади", деди Персон.

Маълумки, ўтган якшанба куни тушдан кейин Пальма оролида Эль-Пасо муниципалитетидаги Кумбре-Вьеха вулқон тизмасининг отилиши бошланди. Вулқондан оқаётган лава аҳоли турар жойларигача етиб келган. 100 дан ортиқ бино ва ўсимликлар дунёсига катта зарар етди, 6 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди.