Француз “келин-куёв”и Оқдарёда

Оқдарё тумани Гўзалкент маҳалласининг бир хонадонида туризм маскани ташкил этилган. Бу ерга турли мамлакатлардан меҳмонлар келиб туради. Ўтган жума куни миллий либосдаги оқдарёлик фаол хотин-қизлар шу хонадонда йиғилди. Улар Франциядан келган меҳмонларга адрас, атласларимиз,  турли хил дўппилар, тўнлар, келин кўйлаклари-ю ранг-баранг кашталар ҳақида сўзлаб берди.

- Бу хонадонда “Ибратли оила” кўкрак нишони эгалари яшайди, - дейди туман ҳокими ўринбосари Юлдуз Ўроқова. – Бу ҳовли туризм масканига айлантирилиб, турли мамлакатлардан келган меҳмонлар қабул қилинади. Уларга миллий урф-одатларимиз намойиш этилади. Хорижликлар бу ерда қишлоқ ҳаёти, тандирда нон ёпилиши, ўчоқда ош пиширилиши каби жараёнлар билан яқиндан танишади.

Шунингдек, маҳалла аёллари францияликларга чақалоқни бешикка белаш ҳақида маълумот берди ва алла айтди. Бундан руҳланган французлар ҳам ўзларининг тилида алла ижро этишга тушиб кетди.

- Бир неча кундан бери юртингизда саёҳат қилиб юрибмиз, - дейди Жоел Поллет. – Ўзбекларнинг меҳмондўстлиги, меҳру оқибатини сўз билан таърифлаш қийин. Айниқса, қишлоқ ҳаёти менга жуда ёқди. Миллий таомларнинг тайёрланиши, ўзбек оналарининг алла ва лапарлари билан танишдик.

Французлар “Келин салом” тадбирида иштирок этди, улар ўзбек миллий кийимларида келин-куёв ролини ижро этишди. Ёр-ёру ўланлар айтилганда маҳалла аёлларига жўр бўлди, рақсларга тушди. Бу жараёнлар меҳмонларга ўзгача кайфият бағишлади.

Дилноза Аҳмадова, Тўлқин Сиддиқов, Бахтиёр Мустанов.